Бир парча эт ҳолингдан вужудида сақлаган,

Соғ-саломат дунёга келишингни хоҳлаган,

Ўлим билан олишиб ўз бурчини оқлаган,

Фарзанд учун жонини фидо қилган оналар,

Туну кун ҳақимизга дуо қилган оналар.

 

Алла айтиб, ухламай тунни тонгга боғлаган,

Эртак сўйлаб, эркалаб кўнглимизни чоғлаган,

Бемор бўлиб қолсак гар юрак-бағрин доғлаган,

Фарзанд учун жонини фидо қилган оналар,

Туну кун ҳақимизга дуо қилган оналар.

 

Пояндоз бўл, эй фарзанд, онажонинг пойига,

Хизмат қилиб бир умр ҳурматин қўй жойига,

Малика эт онангни меҳрингнинг саройига,

Фарзанд учун жонини фидо қилган оналар,

Туну кун ҳақимизга дуо қилган оналар.

 

Алам ёши оқмасин ҳеч бир она кўзидан,

Кўриб фарзанд камолин нур таралсин юзидан,

Рози бўлсин бир умр берган нону тузидан,

Фарзанд учун жонини фидо қилган оналар,

Туну кун ҳақимизга дуо қилган оналар.

 

Хуррам ШЕРАЛИЕВ,

Олтинсой тумани “Шайх Аттор Вали” жоме масжиди имом ноиби