Бир қария тилидан
 
Болаликда эркаларди мени ҳамма:
Ота-онам тугул, тоғам, хола-амма!
 
Оддий боламасдим гўё, ягонадай,
Етти ёт ҳам тутмас ўзин бегонадай.
 
Алланда азиз эдим, қўлма-қўллик,
Не истасам ота-онам қилар қуллик.
 
Ўзим билмас ҳолда эдим “жажжи қулдор”,
Ота-онам ҳисобидан эдим пулдор!
 
Тезроқ катта бўлмоқни кўп истар эдим,
Вақтнинг тезроқ ўтишини қистар эдим.
 
“Умр – дарё”, деганлари тўғри экан,
Энг ёмони, вақт – кўринмас ўғри экан...
 
Вақт совурди бор эркалик хирмонимни,
Обинонга алмаштирди ширмонимни.
 
Ортганин ҳам фарзандларга айладим соб,
Болаларга чидамаскан не Кўҳи Қоф!
 
Эрка чоғим кўрганнинг йўқ ўзи, изи...
Шундай экан бу дунёнинг тутим, кези.
 
Эркалаб бир суяр десам, болам боқмас,
Уйда ётсам, бир кўрай деб эшик қоқмас.
 
Ўз-ўзимни эркалай деб йўлга чиқсам,
Нафақамни олайин деб, пулга чиқсам,
 
Ширингина неваралар “дум” бўлади.
Нафақамнинг ярми кетар талон бўлиб!
 
Нима қилай, улар билан умр тоти,
Эркаликдир жужуқларнинг бор бисоти.
 
Улардайин ширин борми, аъло борми?!
Қариганда эркаликка ҳожат борми!
 
Биз – кексалар, набирага жони фидо,
Эркалатсин чин дунёда бизни Худо!
 
Оллоёр БЕГАЛИЕВ,
Бекобод