Чорсу бозорида бир қизча йиғлаб,
Жовдираб тўрт ёнга дилгир боқарди.
Унинг атрофида тўрт-бешта киши
Кифтига тасалли бериб, қоқарди.
– Адашиб қолдингми? Жилма ҳеч ёққа!
Онанг ҳам юргандир савдойи бўлиб.
Ҳозир келиб қолар...
Қизалоқ баттар
Йиғларди юраги қонларга тўлиб.
Одамлар таскинга берсалар-да зўр,
Қизча тўхтатолмас кўзидан селни.
Кўпнинг унга раҳми келган пайт, менинг
Негадир қизчага ҳавасим келди!
Қизча! Қизалоғ-эй, бунча бахтлисан!
Андуҳинг бепарво қолдирмас ётни.
Адашган бандаман, кўрмадим лекин
“Адашдингми?!” дея ҳол сўрган зотни.
Онанг топиб олар сени ҳам тезда,
Уйга қайтасизлар бағир бут, шодмон!
Мен ҳам йўқотганман онамни, аммо,
Энди уни қайта топмоғим гумон...
 
Оллоёр БЕГАЛИЕВ,
Бекобод