Йўллар бор – сўнгида кимдир интизор,
Йўллар бор – сўнгида йўқловчи йўқдир.
 
Одам боласига, эй онаизор,
Сен каби кўнглини тўқловчи йўқдир.
 
Онажон-ватаннинг бағридан ўтар
Ким илдам йўл босиб, кимдир – сустқадам.
 
Ҳорғин йўлчиларни манзиллар кутар,
Файзга тўлар агар қўйса дўст қадам.
 
Дўстлар келаверсин яқин-йироқдан
Бизнинг Ўзбекистон – кошонамизга.
 
Толе муҳрланмиш туғилган чоғдан
Она бўсаси-ла пешонамизга.
 
Оллоёр БЕГАЛИЕВ,
Бекобод