Ҳаловат

Ибодат завқига йўл очсин кўнгул,
Аллоҳга чин дилдан айла таваккул.
Ўқи, зикр айтгин, саждага бош қўй,
Дилдаги тилаклар бўлади мақбул.
Сажда қилайин деб ёзсанг жойнамоз,
Холиққа шукрингни айлагин ниёз.
Тил десин: “Субҳана раббиял аъло”,
Дилинг ҳузуридан олсин имтиёз.
Меҳру ихлос билан ўқисанг Қуръон,
Кўнгиллар роҳатга бўлади ошён,
Кўксингга фароғат югурар шоён,
Файзу нур ўрайди борлиғинг шу он.
Ана ҳузур, ана файзу ҳаловат,
Сенинг ҳимматингга ажру иноят.
Шудир асл бойлик, шудир саховат,
Фақат пок кўнгулга етгай саодат.

Абдураҳмон МАҚСУДОВ,
Фарғона вилояти

Фарзанд бурчи


Адо айла фарзанд бурчин ота-она ҳаёт чоғи,
Дилин ёрит гўё чақин, куйдирмасин фарзанд доғи,
Армонда кетмасин тағин, ҳеч хазон кўрмасин боғи,
Дуосин ол, ул ғанимат, канда қилмай эт зиёрат,
Насиб этгай сенга жаннат келганда қойим қиёмат.
Кўпни кўрган дониш айтар: “Не қилсанг, ўзингга қайтар”.
Оппоқ гўзал тонглар отар, қуёш чиққач, албат ботар,
Ким ул зотга жабр этар – бир кун азобини тортар,
Дуосин ол, ул ғанимат, канда қилмай эт зиёрат,
Насиб этгай сенга жаннат келганда қойим қиёмат.
Ҳеч ким бўлолмайди устун, ота-онанг кетар бир кун,
Қайтмас, қоларсан етим, ёш тўксанг-да куну тун.
Юракда қолмасин тугун, не қилсанг қилгайсан бугун,
Дуосин ол, ул ғанимат, канда қилмай эт зиёрат,
Насиб этгай сенга жаннат келганда қойим қиёмат.
Ҳаёт чоғи узгил қарзинг, топмассан сўнгра изин,
Боқий сари йўл оларлар еб бўлгач насиба, тузин.
Фироқий сўзин бас айлар, артиб ёшга тўла кўзин,
Дуосин ол, ул ғанимат, канда қилмай эт зиёрат,
Насиб этгай сенга жаннат келганда қойим қиёмат.

Эргаш ЖОЛМАТОВ,
Самарқанд вилояти, Пахтачи тумани
 

Ассалому алайкум

Кулиб турар кўзларим,
Дилдан айтсам сўзларим,
Хуш келибсиз, дўстларим,
Ассалому алайкум.

Қариндошмиз, қондошмиз,
Ватандошмиз, жондошмиз,
Қалблар туташ, йўлдошмиз,
Ассалому алайкум.

Тонгми, шомми ё чошгоҳ,
Учрашгандан кўнглим чоғ,
Сизга энг эзгу сўзим:
Ассалому алайкум.


Ватанимиз тинч бўлсин

Ватанимиз тинч экан,
Обод барча хонадон.
Ватанимиз тинч экан,
Шод кексаю болажон.

Тинчлик бу – бахт-саодат,
Тинчлик бу – ширин ҳаёт.
Тонгларимиз мусаффо,
Тинчлик – бебаҳо неъмат.

Китобим

Китоб  – менинг офтобим,
Хулқ-атворим, одобим.
Нурли йўлга йўллаган,
Чақнаб турган маёғим.

Маърифатнинг эшиги,
Илму ҳунар бешиги,
Ўрганамиз китобдан
Инсонийлик қўшиғин.

Сабоҳат НИЗОМОВА,
Тошкент