Агар шайтон бўлса ғолиб,
Нафсинг қўзғар созин чалиб,
Ўйнатади эркинг олиб,
Эркинг берма азозилга.

Аллоҳ десанг, шайтон қочар,
Ҳақ йўлингга нурлар сочар,
Дилда имон кўзин очар,
Эркинг берма азозилга.

Ғофил бўлсанг, ғафлат босар,
Шайтон яйраб, униб-ўсар,
Гуноҳларинг ҳаддан ошар,
Эркинг берма азозилга.

Нафсинг – золим, маккор, гушна,
Шайтон билан сирдош, ошна,
Ёмонликка чанқоқ, ташна,
Эркинг берма азозилга.

Нафсинг айлар абгору хор,
Ҳар қилмишнинг жавоби бор,
Эзгуликнинг савоби бор,
Эркинг берма азозилга.

Қалбни кўриб турар Аллоҳ,
Биру борим – Биҳамдиллоҳ,
Ҳисобдадир савоб, гуноҳ,
Эркинг берма азозилга.

Эй Солижон, “Аллоҳ” дегин,
Боқий дунё ғамин егин,
Пушаймонлар қилма кейин,
Эркинг берма азозилга.

Солижон ХУДОЁРОВ,
Самарқанд вилояти,
 Нуробод тумани