Менга ижод бахтин бергансан,
Қодир Аллоҳ, илҳомимдан айирма.
Майли қилсанг кимга тенг-у, кимдан кам,
Фақат нури имонимдан айирма.
 
Ғам юборсанг синовларга сабр этдим,
Дард чекканда шукр дедим, бош эгдим.
Қалбга фақат умид ниҳолин экдим,
Ишонч отлиғ сарбонимдан айирма.
 
Дунёларни кездим, билдим Ватан – тоқ,
Фақат шу юрт – ўз уйимда вақтим чоғ.
Кўзларимга тўтиё она тупроқ,
Ота юртим – маконимдан айирма.
 
Қайда юрсам фарзанд меҳри йўлдошим,
Соғинганда юзим ювар кўз ёшим.
Улар боис куч-қувватим, бардошим,
Фарзандим – мағзи жонимдан айирма.
 
Бир бебаҳо Китоб бердинг – мисли жон.
Тизгини йўқ ўйларимга у посбон.
Минг бор шукр, бўлдим толиби Қуръон,
Суянчиғим – Қуръонимдан айирма.
 
Хитоб этдинг: “Бандам, сўра, бергайман...”
То тирикман умид гулин тергайман.
Ҳузурингга оқ юз билан борай ман,
Эзгу аҳду паймонимдан айирма.