Кутмаган онингда қилар яхшилик,

Гўё бу одамлар дунё нақшидек.

Қоронғу кўнглингга мисли нур сочар,

Миннатсиз, илинжсиз қучоғин очар.

"Аллоҳдан қайтади, Аллоҳдан қайтар",

Бу гапни имонли инсонлар айтар.

 

Таънадан йироқдир улар юраги,

Эзгу ният билан ёруғ тилаги.

Дўсту ёр меҳридан қониб яшнайди,

Яхшиликдан қувват олиб яшайди:

"Аллоҳдан қайтади, Аллоҳдан қайтар".

Бу гапни имонли инсонлар айтар.

 

Савоб иш ҳаммага эмасдур осон,

Эзгулик томири – покиза виждон.

Яхшилар бор учун ёруғ бу жаҳон,

Уларга қарздорлик юракда армон.

"Аллоҳдан қайтади, Аллоҳдан қайтар",

Бу гапни имонли инсонлар айтар.

 

Хосият ИСАЕВА