Озод юртим – ягона

 

Етти иқлимни кезсам,

Баҳри уммонда сузсам,

Жонга жон экан сезсам,

Озод юртим ягона.

 

Қадимий минорлари,

Минг йиллик чинорлари,

Жаннатий гулзорлари...

Озод юртим ягона.

 

Тенглар ичида тенгдир,

Меҳмондўст, бағри кенгдир,

Меҳри ҳам қаҳри чўнгдир,

Озод юртим ягона.

 

Қолмайин дер ғафлатда,

Тоблангандир меҳнатда,

Дўстга мадад кулфатда,

Озод юртим ягона.

 

Камтарлигида – камол,

Фарзандлари баркамол,

Қўллагайдир Зулжалол –

Озод юртим ягона.

 

Салобатли карвони,

Саодатли Сарбони,

Бахтга ёрдир ҳар они,

Озод юртим ягона.

 

Сайёҳлар кўп дунёда,

Кезиб еру самода

Дер: "Ўрта Осиёда

Озод юртим ягона".

 

 

Ватан муҳаббати

 

Ватаннинг тинчлигин асраб ҳар маҳал,

Ватан жондан азиз, деганлар марддир.

Машаққат, ғовларни маҳв этиб дангал,

Доимо эл ғамин еганлар марддир!

 

Огоҳлик айлансин яшаш туғига,

Юрт ишқи қалбларда ёнсин доимо!

Ватанга фидойи мардлар руҳига

Содиқ авлод завол кўрмагай, илло!

 

Ҳур ҳаёт тоабад барқарор бўлсин,

Озод, обод Ватан қолсин бизлардан.

Қалбларда бахт, иқбол гуллари унсин,

Асрайлик диёрни ёмон кўзлардан!

 

Ўзбекистон – азал даҳолар юрти,

Эртаси порлоқдир, тонги мунаввар.

Буюк боболарнинг руҳи ҳурмати –

Қуёш келажакдан келтирар хабар.

 

 

Истиқболинг порлоқ сенинг

 

Висол ширин бўлармиди, дил куймаса,

Булбул нола қилармиди, гул бўлмаса?

Бу дунёда сенинг қандай одамлигинг

Ким биларди, Ватанингу эл бўлмаса?!

 

Бошига иш тушса, асло таъна қилмай,

Бир-бирини қўллаб турган элим – ўзинг.

Жаннатмонанд она юртнинг тупроғида

Ғайратлари жавлон урган дилим – ўзинг.

 

Бошга қўнган бахт қушингга кўз тегмасин,

Осойишта турмушингга кўз тегмасин,

Темур қони жўш уради томирларда,

Эркин, озод юришингга кўз тегмасин.

 

Зулматлардан омон чиққан буюк халқим,

Озод юртнинг посбонидир суюк халқим.

Улуғ дўстлик йўлин тутган эллар билан

Тенглар ичра тенг келбатли, улуғ халқим!

 

 

* * *

Синоат мужассам – дунёга боқсанг,

Дил ёруғ, бир ҳикмат мағзини чақсанг:

Ҳақнинг инояти бўлгай муяссар

Ҳар бир неъматига шукрона айтсанг.

 

Неъматдир – оқ тонгни хуш қаршиласанг,

Умид билан боқсанг эртанги кунга.

Неъмат – ўз юртингда бахтли яшасанг,

Шукроналар қилсанг арзигай бунга.

 

Бир дам фикрат билан боққин дунёга,

Хотиржамлик недур – унутган қанча!

Огоҳ бўл, алданма асло рўёга,

Бахтингга ҳасад-ла кўз тутган қанча!

 

Она-юрт тупроғин кўзга тўтиё

Айлашни орзулаб ўтди нечалар.

Ғурбатда уларга бу ёруғ дунё

Туюлди мисоли зулмат кечалар.

 

Истиқлол, аждодлар армони эдинг,

Сени насиб этди бизга Биру Бор.

Асраймиз бамисли кўз қорачиғи,

Огоҳ Юртбошимиз ҳар ишда раҳбар.

 

Халқим, не кунларни кўрганларинг бор,

Огоҳлик ҳамиша сенинг одатинг.

Ҳар доим, ҳар ишда Тангри сенга ёр,

Илло, шунинг ўзи зўр саодатинг.

 

 

Элим

 

Томиридан етти иқлим сув ичган,

Синовларнинг тошқинини даст кечган,

Ғирот миниб шамолдан ҳам тез учган,

Тарих ҳайрат билан битган китоб – элим,

Зулматларни ёриб чиққан офтоб – элим.

 

Тўмариснинг кўзларида ёнган гулхан,

Саҳро кезиб Широқ топган мангу гулшан,

Бор ҳаётин Ватан учун бағишлаган,

Тарих ҳайрат билан битган китоб – элим,

Зулматларни ёриб чиққан офтоб – элим.

 

Беруний ёритди илм дунёсини,

Ибн Сино топди таннинг шифосини,

Яратганнинг ўзи берар баҳосини,

Тарих ҳайрат билан битган китоб – элим,

Зулматларни ёриб чиққан офтоб – элим.

 

Дилда мудом Амир Темур адолати,

Ҳануз достон Жалолиддин жасорати,

Доим бирга сабр билан қаноати,

Тарих ҳайрат билан битган китоб – элим,

Зулматларни ёриб чиққан офтоб – элим.