Бешта бармоқ тенг бўлмайди ҳеч қачон,
Кимларга "яхшисан", кимгадир "ёмон".
Ҳаммага баробар ёқмоғинг қийин,
Мардларнинг номардга ёқиши гумон!

* * *
Оқил, зийракнинг боши доим ташвишда,
Халқ тинч-омонлигин ўйлар ҳар ишда.
Нодоннинг ўзидан бошқа ғами йўқ,
Қозони қайнаса бас ёзу қишда.

* * *
Ҳақдан нени кутсанг, не қилсанг гумон,
Кутганинг оласан – яхшию ёмон.
Равон йўлда мункиб оёғинг синар
Ёки тегирмондан чиқасан омон!

Абдулваҳҳоб АҲРОРХОН ўғли,
Марғилон шаҳри