Ноумид шайтондир, умидли – инсон,

Умид ҳам ишончдан қалбинг чароғон.

Умидли қулини мурувватидан

Мосуво этмагай Аллоҳ ҳеч қачон.

 

Тоат-ибодатга эрта, деб ҳар он,

Бепарво юргувчи ҳой ғофил инсон,

Билмайсанми, Аллоҳ ҳукми – ажалнинг

Етиб келажагин туйқус, ногаҳон.

 

Гоҳида шодмон-у, гоҳи ғамгинман,

Гоҳида қувонсам, гоҳи дилхунман.

Қаерда қай ҳолда бўлмайин, доим

Аллоҳ раҳматидан умидвор қулман.

 

Айрилиб қолмайин десанг иймондан,

Қалбингни холи тут шубҳа, гумондан.

Шубҳа, гумон бўлган жойда албатта,

Шайтон ғолиб келар ҳар гал инсондан.

 

Ҳақдан бошқа ҳеч бир дўсту ёр бўлмас,

Нарса ўз-ўзидан йўғу бор бўлмас.

Ҳақнинг ёди билан яшаган инсон

Ҳеч кимга муҳтожу хору зор бўлмас.

 

Умрингдан қолса ҳам лоақал бир кун,

Беҳуда ғам чекма бўлиб жигар хун.

Аллоҳга шукрона айтиб яшай бер,

Ахир бўлмайсан-ку дунёга устун.

 

Бошига бирон-бир ташвиш тушганда,

Аллоҳ зикрин этмас баъзилар канда.

Аслида, ҳар қандай дамда ҳам Унинг

Зикрини тарк этмас чин мўмин банда.

 

Абдураҳмон ҚОДИР,

Самарқанд вилояти Булунғур тумани