Абдуллоҳ ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: "Дунёда ғариб ёки йўловчидек бўл" (Имом Бухорий ривояти).

Мўмин имкон қадар хайрли амаллар қилади, Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқиб, охиратига ҳозирлик кўради. Унинг мусофирга ўхшаш жиҳати ҳам шунда. Сафарга чиққан киши доим сергак бўлиб, кўзлаган манзилига етиши учун тинимсиз ҳаракат қилади. Хавф-хатардан узоқ бўлишга, азиятларга сабр қилишга одатланади. Зеро, йўлтўсар қароқчилар уни тунаб кетиши ёки сабрсизлик қилса, ҳамроҳларидан ортда қолиб, йўлдан адашиши мумкин. Шунга кўра инсон дунё ҳою-ҳавасларига берилиб, ғурурланиб кетиши ярамайди. Қўлидан келса, яхшилик қилиши, ҳар сония ўлимнинг ҳақлигини, дунё ҳаёти имтиҳонлардан иборат эканини ҳис этиб яшаши керак.

Биз дунё ишларини бутунлай ташлаб, ҳаракатсиз ўтиришдан ҳам, ўткинчи лаззатлар ортидан қувиб, охиратни унутишдан ҳам қайтарилганмиз.

Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу): "Кун ботса, тонг­ни кутма. Тонг отса, кечни кутма. Касалликдан олдин соғлиг­ингни, ўлимингдан олдин ҳаётингни ғанимат бил", деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Шундай экан, ғанимат умримизда яхши ишлар билан машғул бўлайлик. Сафарга отланган киши каби абадий манзилга бориш олдидан йўл тадоригини қилайлик.

 

Луқмонхон ОЛИМОВ,

Қашқадарё вилояти Китоб тумани бош имом-хатиби