Абу Ҳурайра ривоят қилади: «Расулуллоҳ айтдилар: “Бани Исроилда уч киши бор эди: бири пес, бири кал ва бири кўр. Аллоҳ таоло уларни имтиҳон қилишни хоҳлади: Уларга (инсон суратида) бир фариштани юборди. Фаришта песнинг олдига келди ва: “Нима истайсан?” деб сўради. “Чиройли ранг, гўзал танани, одамлар ҳазар қиладиган бу аҳволдан халос бўлишни”, деб жавоб берди. Фаришта уни силаган эди, шифо топиб, чиройли ранг ва гўзал танага эга бўлди.

Фаришта яна сўради: “Қайси молни яхши кўрасан?” “Туяни”, деди у. Ўша заҳоти унга ҳомиласи ўн ойлик бўғоз туя берилди. Фаришта: “Аллоҳ буни сенга баракали қилсин!” деди.

Кейин кал одамнинг ёнига келди. “Сен нимани хоҳлайсан?” деб сўради. “Чиройли сочим бўлишини, кишиларга ёқимсиз бу ҳолдан қутулишни”, деб жавоб берди у. Фаришта уни силаган эди, бошидан чиройли соч ўсиб чиқди. Фаришта яна: “Қайси молни яхши кўрасан?” деб сўради. “Сигирни”, деб жавоб берди. Дарҳол унга бўғоз сигир ҳадя этилди. Фаришта яна: “Аллоҳ таоло бу сигирни сенга баракотли қилсин!” деб дуо қилди.

Сўнг кўрнинг олдига борди. Ундан ҳам: “Нимани хоҳлайсан?” деб сўради. “Аллоҳ таоло менга кўзимни қайтаришини ва одамларни кўришни!” деб жавоб берди. Фаришта уни силади, Аллоҳ кўзларини қайтарди. Фаришта ундан: “Қайси молни кўпроқ яхши кўрасан?” деб сўради. “Қўйни”, деб жавоб берди. Шу заҳоти унга бўғоз қўй берилди.

Сигир ва туя болалади, қўй қўзилади. Йиллар ўтиб, бирининг бир водий тўла туяси, бирининг бир водий сигири, яна бирининг эса бир водий қўйи бўлди. Ўша фаришта пес бўлганнинг олдига одам суратида келди ва: “Мен фақир одамман. Йўлда давом этишим учун озуқам қолмади. Олдин Аллоҳдан, сўнг сендан менга ёрдам бўлмаса, манзилимга етолмайман. Сенга гўзал ранг, чиройли тана ва мана шу ҳолатни ато этган Аллоҳ учун, менга битта туя беришингни сўрайман. Токи у билан йўлимда озиқланай”, деди.

– Бунинг сира иложи йўқ, – деди у, – унда (молимда) кўпчиликнинг ҳақи бор.

– Мен сени таниётганга ўхшайман, – деди фаришта, – ҳамма ҳазар қиладиган олатанли, камбағал кимса сен эмасмидинг? Аллоҳ таоло (кейин ) сенга (саломатлик ва мол-мулк) берди...

– Менга бу мол ота-бобомдан мерос қолган!

– Агар ёлғон гапираётган бўлсанг, Аллоҳ сени эски ҳолингга туширсин!

Сўнг фаришта кал бўлганнинг ёнига борди. Унга ҳам туябоқарга айтганларини айтиб, ёрдам сўради. Аммо бу ҳам олдингиси каби ёрдам беришдан бош тортди. Фаришта “Агар ёлғон гапираётган бўлсанг, Аллоҳ таоло сени эски ҳолингга қайтарсин!” дея кўр бўлганнинг ёнига кетди. Унга ҳам: “Мен йўқсил одамман, йўлимда давом этишга озуқам қолмади. Олдин Аллоҳдан, сўнг сендан ёрдам бўлмаса, манзилимга етолмайман. Сенга кўзларингни қайтарган Аллоҳ учун сендан биттагина қўй сўрайман. Токи (у билан) сафаримда озиқланай”, деди. У одам жавобан: “(Тўғри айтасан,) мен кўр одам эдим. Аллоҳ таоло кўзимни қайтиб берди. Камбағал эдим, бой қилди. Истаганингни ол, истаганингни қолдир! Худо ҳақи, бугун Аллоҳ учун нима олсанг ҳам сенга қаршилик қилмайман!” деди. Фаришта эса: “Молинг ўзингга буюрсин! Сизлар имтиҳон қилиндингиз. Сен розилик топдинг, аммо икки биродарингга ғазаб қилинди”, деди (ва ғойиб бўлди)» (Бухорий ва Муслим).

Шарҳ:

Кирмоний ҳадисдан бундай хулоса чиқаради: “Кўрнинг мизожи шерикларига нисбатан соғломдир. Чунки песлик мизож ва табиатнинг бузилишидан ҳосил бўладиган касаллик, каллик ҳам шундай. Кўрлик ундай эмас. Кўп ҳолларда у ташқи сабабдан пайдо бўлади. Шунинг учун кўрнинг табиати соғлом, қолган иккисиники бузуқ бўлган”.

Ҳадисда икки жисмоний касаллик зикр қилинган бўлса-да, аслида қалб касаллигига ишора қилинмоқда. Чунки бахиллик ва қизғаниш қалб касалликларидан.

Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

* Эшитганларнинг ибрат олишлари учун ўтмишда содир бўлган воқеа-ҳодисаларни эслаш жоиз. Бу уларни ғийбат қилиш саналмайди. Уларнинг исмлари келтирилмаганининг бир ҳикмати ҳам шунда. Ҳатто охир-оқибат уларнинг бошига нима келгани ҳам баён этилмаган. Фақатгина фаришта айтганидек, эски ҳолларига қайтганлари айтилган.

* Ҳадисда неъматга нонкўрлик қилишдан қайтарилган, шукрга ва неъматни эътироф этиб, Аллоҳ таолога ҳамд айтишга ташвиқ этилган.

* Бу ўринда, шунингдек, садақанинг фазилатига эътибор қаратилган. Чорасизларга марҳаматли бўлиш, эҳтиёжларини қондиришга чорланган.

* Бахиллик қораланган. Зеро, бахиллик соҳибини нонкўрликка ва Аллоҳ таолонинг неъматларини инкор этишга бошлайдиган иллатдир.

 

Манбалар асосида Содиқ НОСИР тайёрлади.