Саховат, Бадруддин Айнийнинг изоҳлашича, "Ҳақдорга тегишли нарсани бериш, ўз молидан ҳеч бир эвазсиз сарфлашдир. Бу энг улуғ чиройли хулқлардан бири. Бахиллик эса бунинг аксидир".

Сахийнинг Аллоҳга яқинлиги масофа маъносида эмас, балки Аллоҳнинг раҳмати ва савобига яқинлик маъносидадир. Зеро, Аллоҳ таоло макон ва замондан пок Зотдир.

Одамларга яқин бўлиши деганда, уларнинг муҳаббати, ҳурмати ва эъзози каби маънавий яқинлик кўзда тутилган. Мазкур ўринда ҳам макон жиҳатидан яқинлик мақсад қилинмаган.

Жаннатга яқинликдан мурод масофа бўлиши мумкин, бу жоиздир. Чунки киши ўз молидан Аллоҳ таоло розилиги учун лойиқ жойларга мўл-кўл сарф қилиш билан жаннат йўлини тутган ҳисобланади. Ҳадиси шарифларда жаннат атрофи қи­йинчилик ва машаққат, дўзах атрофи эса шаҳват ва маъсият пардалари билан ўралгани айтилади. Киши амали туфайли дўзахдан узоқ бўлиб, жаннатга яқин бўлади ёки аксинча.

Инсоннинг жаннатга яқинлашуви жаннат билан ўзи орасидаги пардаларни кўтариши демакдир. Хайрли амаллар, хусусан, Аллоҳ таоло ризоси йўлида қилинган сарф-харажатлар ана ўша пардаларни кўтаришини олимлар баён этганлар.

Имом Ғаззолий айтади: "Бахиллик дунёга боғланишнинг меваси, сахийлик эса зуҳднинг, яъни дунёга қиймат бермаслик самарасидир. Сахийлик ҳақиқий тавҳид ва таваккулга эришиш натижасидир. Яъни садақа билан мол камайиб қолмаслигига, Аллоҳ таолонинг бирга ўн баробар қилиб қайтариш ваъдасига ва ризқни Аллоҳ таоло еткизишига ишончдан сахийлик туғилади. Бу ҳадисда ишора қилинганидек, сахийлик тавҳид дарахтининг мевасидир.

Бахиллик шубҳадан туғилади. Сабабларга ёпишиб қолиш ва Аллоҳ таолонинг ризқ ҳақидаги ваъдасидан шубҳаланиш натижасидир".

Яна уламоларга кўра, бу ерда кўзда тутилган сахий закот ва бошқа садақаларни бериш билан Аллоҳ таолонинг буйруғини бажарган; Унинг махлуқотларига шафқати туфайли молидан бериш билан ёрдам қўлини чўзган кишидир. Бундай киши Аллоҳга ҳам, инсонларга ҳам яқин, мақоми жаннат бўлади, иншааллоҳ. Бунга зид иш қилганнинг оқибати эса, айтилганларнинг акси бўлади. Шу сабабли, ҳадисда таъкидланганидек, Аллоҳ таоло илмсиз сахийни обид бахилдан кўпроқ яхши кўради.

 

Манбалар асосида Содиқ НОСИР тайёрлади.