Абу Масъуд Уқба ибн Амр Ансорий Бадрийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: "Албатта, инсонларга етган илгариги нубувват гапларидан бири: "Агар ҳаё қилмасанг, хоҳлаган ишингни қил" (Имом Бухорий).

"Албатта, инсонларга етган илгариги нубувват гапларидан бири...", яъни илгари ўтган пайғамбарларнинг ўз умматларига айтган гаплари ичида то бугунги инсонларгача етиб келган меросларидан бири ҳаёдир.

Ҳаё энг юксак ахлоқлардан бўлиб, у ўз соҳибини яхшилик қилишга ва ёмонликдан четланишга ундовчи энг кучли воситадир. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) ҳаё имон шохчаларидан бири эканини таъкидлаганлар. Шунинг учун ҳам ҳаё ўтган пайғамбарлардан мерос бўлиб қолган дейилади. Зотан, барча пайғамбарлар у билан хулқландилар ва ўз умматларини ҳам шунга чақирдилар. Шу тариқа, асрлар оша инсонлар уни пайғамбарлардан буюк мерос сифатида қабул қилиб олдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) беҳаёлик инсон учун ҳалокат экани тўғрисида хабар бериб: "Албатта, Аллоҳ агар бир бандани ҳалок қилишни истаса, ундан ҳаёни суғуриб олади", деганлар.

Уламолар "агар ҳаё қилмасанг, хоҳлаган ишингни қил" ҳадисини қуйидаги уч хил маънода шарҳлаганлар:

1. Таҳдид ва огоҳлантирув маъносида. Бунга кўра, ҳадисни мана бундай тушунилади: "Агар сенда ҳаё бўлмаса, хоҳлаган ишингни қил. Шунда Аллоҳ сени қаттиқ жазолайди". Дарҳақиқат, бундай маънодаги хитоб имон келтирмаганларга қарата Қуръони каримда ҳам келган: "Хоҳлаган ишингизни қилинг" ("Фуссилат",40).

2. Хабар (дарак гап) маъносидаги буйруқ. Бунга кўра, ҳадиснинг маъноси бундай бўлади: "Агар ҳаё қилмасанг, у ҳолда хоҳлаган ишингни қиласан. Чунки сени гуноҳ ва қабиҳ ишлардан тўсиб турган нарса ҳаё эди. Сендан ҳаё тортиб олингач, энди сен ҳар қандай гуноҳ ишга журъат этасан". Бу маънони буюк ватандошимиз Абу Бакр Қаффол Шоший маъқуллаганлар.

3. Мубоҳ қилиш маъносидаги буйруқ. Бунга кўра ҳадисни қуйидагича тушуниш керак: "Агар сен бирор ишни қилишда (ўша иш шаръан ман қилинмаганлиги туфайли) Аллоҳдан ва инсонлардан ҳаё қилишга эҳтиёж сезмасанг, бас, ўша хоҳлаган ишингни қилавер. Чунки мазкур иш шаръан мубоҳдир". Бу маънони имом Нававий ҳамда Абу Бакр Розий таъкидлаганлар.

Шундай экан, Пайғамбарлардан буюк мерос бўлиб қолган ҳаёни доимо маҳкам тутайлик ва у билан зийнатланайлик.

 

Имом Нававийнинг "Арбаъин" асарига ёзилган шарҳлар асосида Фарғона вилояти Учкўприк тумани "Муҳаммад Жаҳонгирхон Ғозий" жоме масжиди имом-хатиби Асрорхон МАҲМУДОВ тайёрлади.