Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: «Мен уловда, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан мингашиб олган эдим. Менга дедилар: “Эй болакай! Аллоҳнинг амрларини бажар, Аллоҳ сени (дунё ва охиратда) асрайди. Аллоҳ таолонинг амрларини Уни кўриб тургандек бажар. Соғ-омон, хотиржам бўлганингда Аллоҳ таолони танисанг, қийинчиликда сени Аллоҳ қутқаради. Сўрасанг, Аллоҳ таолодан сўра. Ёрдам истасанг, Аллоҳ таолодан ёрдам иста.

Барча бандалар бирлашиб, Аллоҳ таоло сенга ёзмаган (тақдир қилмаган) нарсада сенга фойда бермоқчи бўлишса ҳам, бунга қодир бўлишолмайди. Улар биргалашиб, Аллоҳ таоло сенга ёзмаган (тақдир қилмаган) нарсада сенга зарар етказмоқчи бўлсалар ҳам, бунга қодир бўлишолмайди. Қаламлар қуриган, саҳифалар ёпилган. Агар бирор ишни розилик билан, Аллоҳ таоло учун, ажрига ишониб, қилолсанг қил. Агар қилолмасанг (билки), ёқтирмаган нарсангга сабр қилишингда кўп яхшиликлар бор. Билгин, (илоҳий) мадад сабр билан биргадир, хурсандлик ғам-алам билан ёнма-ёндир. Ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бор. Бир қийинчилик икки енгилликдан асло устун келмайди”» (Разин ушбу лафз билан ривоят қилган. Термизий қисқартириб келтирган).

Шарҳ:

Ҳадиснинг янада осонроқ тушунилишини таъминлайдиган изоҳлар қавс ичида берилди.

Ҳадиснинг сўнгги қисмида келган “Бир қийинчилик иккита енгилликдан асло устун келмайди”, жумласини имконимиз қадар шарҳлаймиз. Бу ўринда “бир қийинчилик” ва “икки енгиллик”дан мурод нима? Ибн Касир “Бас, албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ, 5–6) оятлари тафсирида Қатода­нинг ушбу сўзларини келтиради: «У икки ояти каримада ҳам “қийинчилик” маъносидаги “ъуср” сўзи аниқликни билдирувчи “ал” қўшимчаси билан келган. Шунингдек, “енгиллик” маъносидаги “йуср” сўзи икки оятда ҳам аниқликни билдирувчи “ал”  қўшимчасиз келган. Демак, оятлардаги “қийинчилик” маъносидаги сўз гарчи икки марта такрорланса ҳам, “битта қийинчилик”дир, “енгиллик” маъносидаги сўз эса ҳар бир оятда алоҳида енгилликка ишора қилади. Демак, ояти каримадан бир қийинчиликка икки енгиллик борлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ : “Бир қийинчилик икки енгилликдан асло устун кела ол­майди”, дея хушхабар бермоқдалар».

Ҳасан Басрий айтади: Ривоят қилишларича: “Бир куни Расулуллоҳ  хурсанд, кайфиятлари чоғ бўлиб чиқдилар. У зот: “Бир қийинчилик икки енгилликдан асло устун келмайди, бир қийинчилик икки енгилликдан асло устун келмайди. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир”, дедилар».

Ибн Касир тафсирида яна бундай ривоят ҳам кел­­­тирилган: “Ҳазрат Анас  айтади: «Расули акрам  бир қоянинг қар­шисида ўтирардилар. Бир пайт: “Қийинчилик келиб шу қоя­нинг ичига кирса, албатта, енгиллик унинг ортидан ичкарига киради ва у ердан қийинчиликни чиқаради”, деб марҳамат қилдилар». Шу аснода “Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик бордир” (Шарҳ, 5–6) ояти каримаси тушди.

Бошқа бир ривоятда Ра­сулул­лоҳ  бундай марҳамат қилганлар: “Чекилган қийин­чилик миқ­дорича осмондан ёрдам тушади, сабр ҳам мусибат миқдорича берилади”.

Шундай экан: машаққат қанчалик оғир, мусибат нақа­дар улуғ бўлмасин, умидсизликка тушмаслик керак. Парвардигоримиз ана шу миқдорда сабр ва ёрдам ато этади, бир қийинчилик ортидан икки баробар осонлик пайдо қилади.

 

Манбалар асосида Содиқ НОСИР тайёрлади.