Муоз ибн Жабалдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) менга: "Жаннатнинг калитлари "Лаа илаҳа иллаллоҳ (Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ)", деб гувоҳлик беришдир", дедилар (Имом Аҳмад ривояти).

Шарҳ: Одатда ҳар бир калитнинг тишлари бўлади. Тишсиз калит билан ҳеч бир эшик очилмаслиги аниқ. Ушбу ҳадисдаги "Жаннатнинг калитлари" иборасидан солиҳ амаллар ҳам тушунилади. Чунки тавҳид калимаси айтилгач, мўминдан шариатда буюрилган амалларни бажариш ва қайтарганларини тарк этиш талаб қилинади.

Пайғамбаримиздан (алайҳиссалом) Жаннатнинг калити "Лаа илаҳа иллаллоҳ" калимаси эмасми, деб сўралганида, у зот: "Ҳа, шундай, лекин калит борки, унда тишлар бор. Агар тишлари бор калит билан келсанг, сенга жаннат эшиклари очилади. Аксинча эса, у очилмайди", деб жавоб берганлар (Имом Бухорий ривояти).

Тийбий: "Жаннат калитининг тишлари тўрт аркон: намоз, рўза, закот ва ҳаж", деган бўлса, бошқа бир ўринда "ундан мурод мутлақ солиҳ амаллардир", дейилган. Демак, мўмин банда турли гуноҳ сўз ва ғийбатлардан тийилиб, зикру тасбеҳ билан машғул бўлиши, ҳасад ва хиёнатдан сақланиб, ҳар бир ишда Аллоҳ тао­лодан қўрқиши, гуноҳ ишлар қилмаслиги, ибодатларда давомли бўлиши зарур.

Ҳадисларда, имон калимаси зикрларнинг энг улуғи ва Аллоҳ таолога энг севимли калима экани, уни айтган кишининг қалбидан нифоқ ва ширк кўтарилиб, ўрнини тавҳид эгаллаши ҳам баён этилган.

Шундай экан, "Лаа илаҳа иллаллоҳ"ни кўп айтиш, унинг мазмунини дил билан тасдиқ этиш ҳамда шариат буюрган амалларни адо этиш, қайтарганларидан мутлақ тийилиш лозимдир.

 

ЎзМУ олий журналистика 1-курс магистри Ўролбек МУСТАНОВ тайёрлади.