Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло барча махлуқотни яратгач, Аршнинг устидаги, ҳузуридаги китобига бундай ёзди: “Албатта, раҳматим ғазабимдан ўтади!» (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

 

Шарҳ

Ҳадис матнидаги “китобига ёзди” жумласининг маъноси бундай: “Қаламга китобига, яъни Лавҳул маҳфузга” ёзишни буюрди. Ёзилиши буюрилган маъно будир: “Албатта, раҳматим ғазабимдан ўтади”.

Ҳадисдаги “Арш устидаги”, “ҳузуридаги” жумласи макон маъносида эмасдир. Бу ўринда жумланинг маъноси “Лавҳул маҳфуз махлуқлардан яширин, уларнинг идрокига сиғмайдиган яралмишдир”. Аллоҳ таолонинг ғазаби тасаввури йўқ сифатларидан биридир.

Ҳадиснинг баъзи ривоятларида “...устун келди”, дейилса, бошқа ривоятларида “...ўзиб кетди”, дейилган. Яъни, “Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ўзиб кетади”, деган маъно кўзда тутилган.

Тоййибий “раҳматнинг ўтишини” бундай шарҳлайди: “Махлуқотлар илоҳий раҳматга лойиқ иш қилмасалар ҳам бу дунёда Яратганнинг раҳматига ноил бўлаверадилар. Аллоҳ таолонинг ғазабига сабаб бўладиган гуноҳ иш қилишса, Унинг ғазабига дучор бўлишади.

Инсон ҳали она қорнида эканида, сут эмадиган пайтида ва сутдан чиққанида, ҳали ҳеч бир тоат қилиш ёшига етмаган пайтида ҳам Аллоҳ таолонинг марҳаматига бурканган бўлади. Ғазаб сабаб бўладиган даражада бирор ёмонлик, гуноҳ содир этганидан кейингина Яратганнинг ғазабига учрайди”.

 

Манбалар асосида Содиқ НОСИРтайёрлади.