Абу Ҳурайрадан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай марҳамат қилдилар: “Аллоҳ таоло ризқини кенг қилиши ва ажалини кечиктириши кимни қувонтирса, у силаи раҳм қилсин” (Бухорий ва Термизий).

Силаи раҳм дейилганида, қариндошлик алоқаларини мустаҳкамлаш тушунилади. Соддароқ ифодаласак, қавм-қариндош, ёру биродарлар билан ўзаро борди-келдини узиб қўймаслик, доимо қондошлар, айниқса, улар орасидаги бетоблари ва ҳожатмандлари ҳолидан хабар олиш, қўлдан келганича уларнинг оғирини енгил қилиш каби улуғ инсоний фазилатларга силаи раҳм дейилади.

Мўътабар ақида китобларимизда, жумладан, “Ақоиди Насафий”да бундай дейилади: “Ажал биттадир”.

Шундай экан, умрни узайтиришни қандай тушуниш керак?

Баъзи уламолар бундай жавоб берганлар: “Амалларда баракот ва тавфиқ ҳосил бўлиши умрнинг бекорга ўтмаслигидир. Бу худди унинг узайганига ўхшайди”.

Баъзи уламолар, силаи раҳм ўлганидан кейин яхшилик билан ёдланишига сабабдир, бу умрнинг маънан узайишидир, дейишган.

Баъзи ҳадис олимларига кўра, ажалнинг кечикиши дейилганида умрнинг ортиши эмас, балки Аллоҳ силаи раҳм қилувчининг наслидан хайрли зурриёт чиқариши тушунилади. Абу Дардодан (розийаллоҳу анҳу) ривоят қилинишича, Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида “Ким силаи раҳм қилса, ажали кечиктирилади”, дейилганида, у зот бундай марҳамат қилдилар: “Умр узаймайди. Аллоҳ таоло:“Бас, қачон уларга ажаллари келса, уни бирон соатга орқага ҳам, олдинга ҳам сура олмайдилар” (Аъроф, 34), дея огоҳлантирган. Аммо киши силаи раҳм қилса, унинг ортидан дуо қиладиган хайрли зурриёти бўлади” (Табароний ривояти).

Бу масалага Ибн Ҳажар Асқалоний бундай шарҳ келтирган: “Умрнинг узайиши дейилса, бандани тоатга йўллаш ва охират учун фойдали амалларни бажаришга иштиёқ бериш, вақтини бекорга ўтказишдан сақлаш орқали умрини баракотли қилиб қўйиш тушунилади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) умматларининг умри бошқа умматларга нисбатан жуда қисқалигини айтиб, дуо қилганларида, Қадр кечаси берилган. Зеро, ким ушбу кечага етишиб, уни тоат-ибодат билан ўтказса, саксон уч йил ибодат қилганнинг савобини олиши ҳақида ҳадислар бор.

Хуллас, силаи раҳм тоатнинг ортиши ва гуноҳларнинг камайишига сабабдир, у орқали банда ўзидан яхши хотира қолдиради ва худди ўлмагандек бандага савоб ёзилиб тураверади. Мўминга асқотадиган нарсалар ичида ўзидан кейин фойдаланиладиган илм, садақаи жория ва солиҳ фарзанд ҳам бор”.

“Кутуби ситта” асосида Содиқ НОСИР тайёрлади.