قال رسول الله – صلى الله عليه وسلم – : «من لزم الاستغفار جعل الله له من كل ضيق مخرجا، ومن كل هم فرجا، ورزقه من حيث لا يحتسب».رواه أحمد، وأبو داود، وابن ماجه.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Ким доим истиғфор айтиб юрса, Аллоҳ унга ҳар қандай тангликдан чиқиш ва ҳар қандай ғамдан қутулиш йўлини кўрсатади ва уни ўйламаган томондан ризқлантиради” (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти).

“Истиғфор” арабча сўз бўлиб, луғатда “гуноҳларнинг беркитилишини, кечирилишини сўраш” маъносидадир. “Астағфируллоҳ” “Аллоҳдан гуноҳларимни беркитишини, кечиришини сўрайман” дегани. Истиғфор истилоҳда Аллоҳ амрларига бўйсуниш, Ундангина қўрқиш ва Ундангина умид қилиш, қайтариқларидан тийилиш ва буйруқларини бажариш маъносидадир.

Аллоҳ таоло бандаларнинг кичик амалларига ҳам ажр беради. Аллоҳ таолони зикр қилиш энг енгил, лекин ажри улуғ амалдир.

Истиғфор ҳам зикр, ҳам икки дунёда нажот топишга сабаб бўлувчи энг яхши дуодир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бизларга доимо истиғфор айтиб юришни буюрганлар ва ўзлари ўрнак бўлганлар. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) :“Эй инсонлар! Аллоҳга истиғфор айтинглар ва тавба қилинглар. Мен бир кунда юз марта истиғфор айтаман ва тавба қиламан”, дедилар (Насоий ривояти).

Инсон – хатокор, билиб-билмай катта-кичик гуноҳ қилиб қўяди. Гуноҳлар инсонларга бало-офатлар етишига сабаб бўлади: “Одамларнинг қилган қилмишлари сабабли қуруқлик ва денгизда бузғунчилик (турли офатлар) пайдо бўлди. (Бу бало ва офатлар одамлар қилаётган гуноҳ-маъсиятларидан) қайтишлари учун (ва) қилган баъзи (гуноҳ) ишлари (жазоси)ни уларга тотдириб қўйиш учундир” (Рум, 41).

“Ким доим истиғфор айтиб юрса”, яъни турган, ўтирган, юрган ҳатто ётган ҳолида ҳам айтса демакдир. Истиғфорни ҳар вақт айтиб юриш керак. Бирор гуноҳ иш қилганда айтиш эса вожиб бўлади. Солиҳ амаллар кетидан, масалан, намоздан сўнг, ҳаж амалларини адо қилганидан кейин ёки саҳар вақтида айтиш мандуб ҳисобланади.

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Уйларингизда, бозорларингизда, йўлларингизда ва мажлисларингизда истиғфорни кўпайтиринг. Чунки мағфират қачон тушишини билмайсиз”.

Доим истиғфор айтиб юрадиган киши ҳар қандай қийинчиликни бемалол енга олади ва Аллоҳ розилигига эришади. Истиғфорни одат қилган кишининг қалби, зеҳни ва нафси хотиржамликка эришади, ҳаёти тўкис бўлади ва қилган яхшиликлари самарасини албатта кўради: (Аллоҳ буюради), Раббингиздан мағфират (кечирим) сўрангиз, сўнгра Унга тавба қилингиз, шунда (У) сизларни маълум муддат (ажалларингиз охири)гача чиройли баҳра билан баҳраманд қилур ва ҳар бир фазлли (карамли, сахий) кишига Ўз фазлини ато этур” (Ҳуд, 3).

Доим истиғфор айтган киши, бақувват, турли касалликларга чалинавермайди ва соғлом ризқи баракали бўлади. “(Ҳуд (алайҳиссалом)) Эй қавмим! Раббингиздан мағфират сўранг, сўнгра Унга тавба қилинг, шунда У осмондан (ёмғир) ёғдирар ва қувватингизга қувват қўшар” (Ҳуд, 52).

Истиғфорни канда қилмаган киши турли бало-офатлар, азоб-уқубат, фитна ва машаққатлардан омонда бўлади, тўкинчилик, солиҳ фарзандлар, ҳидоятдан адашмайдиган зурриётлар ва ҳалол мол-давлат билан ризқлантирилади.“...Улар истиғфор айтиб (кечирим сўраб) турган ҳолларида Аллоҳ уларни азобламас” (Анфол, 33).

“...Раббингизга истиғфор айтинг! Албатта, У (бандаларига нисбатан) ўта кечиримли зотдир. (Шунда, яъни истиғфор айтсангиз) устингизга осмондан (баракали) ёмғир ёғдирур, сизларга мол-дунё, фарзандлар билан мадад берур ҳамда сизлар учун боғлар (барпо) қилур ва сизларга анҳорларни (ато) қилур” (Нуҳ, 10–12).

Бир киши Ҳасан Басрийга (раҳматуллоҳи алайҳ) қурғоқчиликдан шикоят қилганида, истиғфор айт, дейди. Фақирликдан қутулиш йўлини сўраган бошқа бир кишига ҳам истиғфор айтишни буюради. Фарзанд талабларга ҳам, боғи қуриётганга ҳам ана шундай маслаҳат беради. Ҳаммага бир хил жавоб қайтараётгани сабаби сўралганида, у зот (раҳматуллоҳи алайҳ): “Мен ҳеч бир нарсани ўзимдан олиб гапирмадим, Қуръонда келган”, деб, Нуҳ сурасининг 10–12 оятларини ўқиб беради.

Истиғфорни канда қилмаган кишининг гуноҳлари кечирилиб, эзгуликларининг ажри зиёда этилади ва даражаси кўтарилади: “...(Аллоҳга) “афв эт!” деб айтингиз, (шунда) Биз хатоларингизни кечирамиз ва эзгулик қилувчиларга (ажру савобни ҳам) зиёда қиламиз” (Бақара, 58).

Истиғфорни кўпайтириш раҳмат ёғилишига сабаб бўлади: “Сизларга раҳм-шафқат қилиниши учун Аллоҳдан мағфират сўрасангиз бўлмайдими?!” (Намл, 46).

Истиғфорнинг биз билмаган бошқа фойдалари ҳам бор. Истиғфорнинг фойдаларини ҳаётида кўрганлар жуда кўп ва то қиёматгача бўлажак. Аллоҳ барчамизни кўп истиғфор айтувчилардан қилсин!

Муҳаммад Сиддиқ Мукаррамов тайёрлади.