Рамазон ойида рўза тутиш баъзилар ўйлагани каби шунчаки бир одат бўлмаслиги керак. Бу ойда қилинаётган амалларда ихлос ва ният бўлсагина ибодат ўрнида ўтади. Ҳадиси шарифда: “Ким рамазон рўзаси (фарз экани)ни тасдиқлаб, уни савоб умидида, Аллоҳ учун холис тутса, олдинги гуноҳлари кечирилади”, дейилган (Муттафақун алайҳ).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон ойида барча ибодатларни кўпайтирар эдилар. Жаброил (алайҳиссалом) билан Қуръонни такрорлашларини билиб, кўп хайр-садақа берар эдилар. Саҳарлик қилишга чақириб: “Саҳарлик қилинглар, албатта, саҳарликда барака бор”, деганлар (Муттафақун алайҳ). Яна бир ўринда: “Бизнинг рўзамиз билан аҳли китоб (насроний ва яҳудий)ларнинг рўзасини саҳарлик қилиш ажратиб туради” деганлар (Имом Муслим ривояти). Ифторни тезлатардилар ва бошқаларни ҳам шунга буюрардилар. Намоздан олдин ҳўл мева билан оғиз очардилар, агар топилмаса, хурмо ёки бир икки қултум сув билан оғиз очардилар. Ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оғиз очганларида: “Ташналик кетди, томирлар намланди, ажр нақд бўлди, иншааллоҳ”, дер эдилар (Абу Довуд ривояти).

Ҳар бир мусулмон рўзанинг фойда ва ҳикматларини билиши, уларга эришишни умид қилиши керак. Рўза тутиш тақвони юзага келтиради. Аллоҳ таоло: “...сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара, 183) дейди. Рўза барча ёмон нарсалардан қутулиш йўлидир. “Ким ёлғон, туҳмат ва уларни тасдиқлашни, қўполликни ташламаса, еб-ичишни тарк этишига Аллоҳ таоло муҳтож эмас” (Имом Бухорий ривояти).

Рўзадорнинг шаҳвати камаяди ва сабри ортади. Шунинг учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйланишга қурби етмаган ёшларни рўза тутишга чақирганлар. Рўза тутиш билан инсоннинг ичаклари, ошқозони ва бошқа аъзолари касаллик келтириб чиқарувчи турли зарарли моддалардан покланади. Рўза инсонда матонат, ирода ва вазминликни шакллантиради. Агар Рамазон ойи ёзнинг иссиқ кунларида келадиган бўлса, рўзадор шунга сабр қилса, Аллоҳ ажрини кўпайтиради ва унга ўзи кутмаган бошқа яхши сифатларни ҳам беради. Асмаий айтади: “Мен Маккада эканимда Рамазон келди. Макканинг иссиғидан қочиб, Тоифга кетдим. Йўлда бир аъробийни учратиб, ундан: “Қаерга кетяпсан?” деб сўрадим. У: “Муборак шаҳарга (Маккага) бориб, муборак ойни ўтказаман”, деб жавоб қилди. Унга: “Иссиқдан қўрқмайсанми?” дедим. У бўлса: “Иссиқдан қочаманми?!” деди”.

Ҳақиқий рўза еб-ичиш ва шаҳватни тарк қилишгина эмас. Ҳақиқий рўза тил, кўз, қулоқ, қўл-оёқлар ва бошқа аъзоларни гуноҳлардан тийишдир. Қалб рўзаси эса дунё ташвишларини унутиб, охират билан машғул бўлишдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳақиқий рўза фақат еб-ичишни тарк қилиш эмас, балки беҳуда ва фаҳш сўзлардан тийилишдир”, деганлар (Ҳоким ва Байҳақий ривояти). Жобир (розияллоҳу анҳу) айтади: “Агар рўза тутсанг, қулоғинг, кўзинг ва тилинг ҳам ёлғон ва ҳаромдан рўза тутсин! Қўшнингга озор берма! Рўза тутган кунинг сенда хотиржамлик ва виқор бўлсин! Рўза тутган кунингни рўза тутмаган кунингдек ўтказма!”

Рамазон ойида рўза тутиш билан бирга бошқа яхши амалларни ҳам имкон қадар бажариш керак. “Ким бир рўзадорни таомлантирса, унга ҳам рўза тутганнинг ажри берилади...” (Имом Термизий ва Аҳмад ривояти). Саҳобалар меҳмонсиз ифторлик қилмас эди. Умар (розияллоҳу анҳу) етим ва камбағаллар билан ифторлик қилар эди. Садақа беришни кўпайтириш суннатдир. Бу ойда Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нима сўралмасин, албатта берар эдилар. Баъзи уламолар: “Рўза бойлар очлик таъмини татиб кўриши ва очларни унутмаслиги учун шариатга киритилган”, дейишади. Ҳам рўза тутган, ҳам садақа берган киши гуноҳлари кечирилиб, дўзахдан йироқлашади ва жаннатга киришга яқин бўлади. Қуръон тиловатини кўпайтириш ҳам суннатдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазон ойида Жаброил (алайҳиссалом) билан ҳар куни Қуръон ўқир эдилар. Саҳобалар Рамазон ойида Қуръон ўқишни бошқа ибодатлардан устун қўйишар ва уч кунда ёки бир ҳафтада бир марта хатм қилишарди. Рамазон ойи кирганида Зуҳрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Бу Қуръон тиловати ва тоам бериш ойидир”, деб айтарди.

Муборак қадр кечаси ҳам шу ойда, уни ғанимат билиш керак. Аллоҳ таоло айтади: “Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир” (Қадр, 3). Бу кечада қилинган ҳар қандай яхши амал минг ой мобайнида қилинган амаллардан яхшидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қадр кечасини Рамазон ойи охирги ўн кунлигининг тоқ кунларидан қидиринглар” деганлар (Муттафақун алайҳ). Шунинг учун Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Рамазоннинг охирги ўн кунлигида масжидда эътикоф ўтирар эдилар.

Аллоҳ таоло барчамизга бу ойни муборак қилсин. Бу ойдаги эзгу амалларимизнинг савобини кўпайтириб, гуноҳларимиз кечирилишини ва бошқа ойларни ҳам шундай баракали ўтказишимизни насиб этсин.

Муҳаммад Сиддиқ МУКАРРАМ