Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Учта (хислат) бор. Кимда улар бўлса, имон ҳаловатини топади. (Биринчиси) Аллоҳ ва Расули унга бошқа ҳамма нарсадан севимлироқ бўлиши; (иккинчиси) бирор кишини фақат Аллоҳ таоло учун яхши кўриши; (учинчиси) куфрга қайтишни оловга улоқтирилишдек ёмон кўриши”, дедилар (Бухорий ривояти).

Ҳар бир мусулмоннинг олий мақсади қалбидаги имон гавҳарини бузуқ эътиқодлардан сақлаган ҳолда Аллоҳ таолонинг розилигига эришишдир. Баъзан мўмин қалб хотиржамлиги, ибодат ва амалларидаги лаззатни ҳис этмай қолади.

Таом ва ичимликлар ҳаловати оғиз, имон ҳаловати эса қалб орқали ҳис этилади. Чунки таом ва ичимликлар баданнинг, имон эса қалб озуқаси ва қувватидир. Шунингдек, озуқасининг лаззатини сезиши учун жасад ҳам соғлом бўлиши шарт. Қалб ҳам нафс-ҳаво ва ҳаром қилинган шаҳватлардан холи бўлмас экан, имон ҳаловатини топа олмайди. Ким ҳадисда зикр қилинган хислатларни ўзида жамласа, албатта, имон лаззатига эришади.

Ҳадиси шарифда: “Аллоҳ ва Расули унга бошқа ҳамма нарсадан севимлироқ бўлиши” жумласи Аллоҳ ва расулига муҳаббат қўйиш зарур эканига ишорадир. Бирор киши Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўйиб Аллоҳни, ёки Аллоҳни қўйиб Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яхши кўрса, бундай муҳаббатдан фойда бўлмайди. Аллоҳ таолога муҳаббат унинг исмлари, сифатларини таниш ҳамда У зот яратган борлиқ ва ундаги ажойиботлар ҳақида тафаккур қилиш билан ҳосил бўлади. Байзовий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Бу ердаги муҳаббат ақлий муҳаббатдир. Нафс-ҳавога эргашмасдан, ақл тўғри деб топган нарсани устун қўйишдир”. Буюрилган фарз амалларни қилиш, ёмонликлардан тийилиш, тақдирга рози бўлиш Аллоҳ муҳаббатига эриштирувчи асосий омиллардир. Бу ҳақда баъзи орифлар: “Ким Аллоҳга муҳаббатини даъво қилса-ю, Унинг қайтарганларидан тийилмаса, у ёлғончидир”, дейишган. Аллоҳ таолога муҳаббат камолга етса, эгасини гуноҳ ишлардан тўсади. Агар нуқсонга учраса, гуноҳлардан тийилишга мўмин ўзида куч тополмайди. Шунингдек, макруҳ ва шубҳали амаллардан четланиш, нафл ибодатларни бажариш ушбу муҳаббатни оширади.

Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муҳаббат у зотнинг комил сифатларини ва таълимотларини, улуғлигини таниш орқали пайдо бўлади. Қасталоний (раҳматуллоҳи алайҳ): “Муқаддас шариатни улуғлаш, амали ва сўзи билан динига ёрдам бериш, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) гўзал хулқлари билан хулқланиш Аллоҳ ва Расулига муҳаббатнинг аломатларидандир”, деган. Аллоҳга муҳаббат айнан Пайғамбаримизга (алайҳиссалом) итоат қилиш билан бўлади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Айтинг (эй Муҳаммад!): “Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинг. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират этади. Аллоҳ кечирувчи ва раҳмлидир”» (Оли Имрон, 31). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муҳаббатига ҳам фарзларни адо этиш, ҳаромдан тийилиш ва ҳидоятни у зот (алайҳиссалом) келтирган нурдангина излаш, гўзал ахлоқ-одобга, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) зоҳирий ва ботиний барча хислатларига эргашиш билан эришилади.

Бирор кишини фақат Аллоҳ учун яхши кўриш имоннинг олий даражаларидан саналади. Муоз ибн Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилишича, Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг афзал имон ҳақида сўрашди. Жавоб бердилар: “Аллоҳ учун яхши кўриш, Аллоҳ учун ёмон кўриш ва тилни Аллоҳнинг зикридан тўхтатмаслик”.

Яҳё ибн Муоз (розияллоҳу анҳу) айтади: “Ҳақиқий муҳаббат яхшилик сабабли зиёда бўлмайди, жафо сабабли нуқсонга учрамайди”.

Имом Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Аллоҳ йўлида севиш кишининг шахсини эмас, балки унга охиратда фойда берадиган сифатлари сабабли севишдир. Худди устоз ва шогирднинг севгиси каби. Чунки шогирд устози сабабли охиратда зафар келтирувчи илмга эга бўлади. Устоз эса таълим бергани учун Аллоҳ таоло ҳузурида улуғ даражага эришади”, деб айтган.

Мўмин имонини иссиқ кунда муздек сув ичишдан кўра кўпроқ яхши кўради. Ундан ажраб қолишни оловда ёнишдан ҳам кўра ёмонроқ кўради. Чунки имондан айрилган киши охиратда абадий оловга маҳкум бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Муоз ибн Жабалга: “Кесилсанг ҳам, куйдирилсанг ҳам, Аллоҳга бирор нарсани шерик этма”, деб васият қилдилар.

Аллоҳ таоло айтади: “Билингки, ораларингизда Аллоҳнинг Пайғамбари бордир. Агар у кўп иш(лар)да сизларга бўйсунса, албатта, сизлар машаққатларга дучор бўлур эдингиз. Лекин Аллоҳ сизларга имонни суюкли қилди ва уни дилларингизга безак қилди ҳамда сизларга куфрни, фисқ-фужурни ва итоатсизликни ёмон кўрсатиб қўйди. Ана ўшаларгина тўғри йўл топувчилардир” (Ҳужурот, 7).

 

“Умдатул Қорий”, “Фатҳул Борий”, “Авнул Борий” асарлари асосида Муҳаммадали ЗОҲИДОВ тайёрлади.