Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Умматимдан ким бешта хислатни олиб, унга амал қилади ёки амал қиладиган бошқа бирига ўргатади?” деб сўрадилар. “Мен, ё Расулуллоҳ”, дедим. У зот қўлимдан ушладилар ва уларни (бармоқларим билан бирма-бир) санаб: “Ҳаром нарсалардан сақлан, инсонларнинг обиди бўласан, Аллоҳ сенга тақсимлаб берган нарсага рози бўл, одамларнинг бойи бўласан, қўшнингга яхшилик қил, комил мўмин бўласан, ўзингга яхши кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўр, комил мусулмон бўласан. Кўп кулма, кўп кулиш қалбни ўлдиради”, дедилар (Имом Аҳмад, Имом Термизий ривояти).

Пайғамбаримиз (соллаллoҳу алайҳи ва саллам) биз умматига турли услублар билан таълим берганлар. Шулардан бири эшитувчиларнинг диққатини жалб қилиш учун олдин савол бериб, кейин жавоб беришларидир.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳадисда беш хислатни айтиб, уларнинг фойдаларини ҳам зикр қилдилар.

Биринчиси. Ҳаром нарсалардан сақлан, инсонларнинг обиди бўласан. Ҳаром динимиз ман қилган барча моддий ва маънавий нарсалардир. Масалан, ширк, одам ўлдириш, зино, чақимчилик, ёлғон, хиёнат, маст қилувчи ичимликларни ичиш, сеҳр билан шуғулланиш ҳаромдир. Вожиб амалларни узрсиз, қасддан тарк қилиш ҳам ҳаром ҳисобланади. Бунга фарз намозларни тарк қилиш, Рамазон рўзасини узрсиз тутмаслик, нисоб миқдорида моли бўлатуриб, закот бермаслик, ҳажга қодир бўлса-да, ҳаж қилмаслик кабилар киради. Агар инсон қайтарилган нарсалардан сақланиб, буюрилган амалларни имкон қадар бажарса, шубҳасиз, мусулмонларнинг энг ибодатлиси бўлади.

Иккинчиси. Аллоҳ сенга тақсимлаб берган нарсага рози бўл, одамларнинг бойи бўласан. Ояти каримада бундай марҳамат қилинган: “Аллоҳ (Ўзи) хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур...” (Раъд, 26). Шунга ишонган одам қаноатли бўлади. Зеро, ҳақиқий бойлик нафс, қалб хотиржамлигидир. Қанча бойлар бор, ҳали ҳам бойликка тўймаган, қанча камбағаллар бор, ўзига берилган ризққа рози бўлиб, бахтли ҳаёт кечирмоқда. Ҳадиси шарифда: “Ҳақиқий бойлик молнинг кўплиги эмас, балки нафс (хотиржамлиги) бойлигидир”, дейилган (Муттафақун алайҳ). Ким ўзига берилган ризққа қаноат қилмаса, ўзини хор қилади, қаноат қилган эса икки дунёда азиз бўлади.

Учинчиси. Қўшнингга яхшилик қил, комил мўмин бўласан. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қўшнига яхшилик қилиш мўминлик аломати эканини хабар бердилар. Қўшнига яхшилик қилишнинг турлари кўп. Саломига алик олиш, чақириғига жавоб бериш, касал бўлса, кириб кўриш, унга азият бермаслик, хурсандчилигига шерик бўлиш, оғир кунларида ёрдам бериш, деворини баланд қилмаслик, йўқлигида аҳли ва молини ҳимоя қилиш, тўғри насиҳат бериш кабилардир. Киши агар қўшнисига яхшилик қила олмаса, унга ёмонлик қилмаслиги ҳам бир яхшиликдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Жаброил менга қўшнининг ҳақлари ҳақида шундай васият қилдики, ҳатто қўшни меросхўр бўлса керак, деб ўйлаб қолдим”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

Тўртинчиси. Ўзингга яхши кўрган нарсани бошқаларга ҳам раво кўр, комил мусулмон бўласан. Бу ҳақиқий мусулмоннинг хислатидир. Буни қилиш билан киши комил мусулмон бўлади. Яна бир ўринда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзи яхши кўрган нарсани биродарига ҳам раво кўрмагунича бирортангиз комил мўмин бўла олмайди”, деганлар (Муттафақун алайҳ). Комил мўмин киши мусулмонлар ўртасида фақат яхшилик тарқалишига интилади ва бирорта мусулмонга ҳам азият етишини истамайди. Аллоҳ таоло айтади: “...Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва адоват (йўли)да ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз!..” (Моида, 2).

Бешинчиси. Кулишни кўпайтирма, кўп кулиш қалбни ўлдиради. Кулиш инсоннинг фитратида бор хислатдир. Ҳар ким ҳам кулади, кулишда бирор гуноҳ йўқ. Лекин кўп ва қаттиқ овозда кулиш қалбни ўлдиради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кўп табассум қилардилар, кулишлари ҳам табассумга жуда яқин бўлган. Ибн Умардан (розияллоҳу анҳу) саҳобаларнинг кулиши ҳақида сўралганида: “Улар ҳам кулишар эди, лекин қалбларидаги имон тоғлардан ҳам мустаҳкам бўлган”, деб жавоб қилади. Яъни, уларнинг кулиши қалбларини ўлдирмаган, чунки кўп ва узоқ кулишдан доимо сақланишган.

Агар кулиш бирор кишининг устидан мазах қилиш ёки беҳуда гаплар учун бўлса, унинг кўпи ҳам, ози ҳам гуноҳдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бошқаларни кулдириш учун ёлғон гапларни гапирган кишига вайл бўлсин, вайл бўлсин ва яна вайл бўлсин”, деганлар (Имом Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривояти). Бошқа бир ҳадисда: “Агар мен билган нарсани билганингизда, кам кулиб, кўп йиғлар эдингиз”, деганлар (Муттафақун алайҳ).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳақиқий мўмин қандай бўлишини шу ҳадиснинг ўзида қисқа ва лўнда ифодалаб бермоқдалар.

“...Бас, (эй Муҳаммад!) Менинг шундай бандаларимга хушхабар берингки, улар гапни тинглаб, сўнг унинг энг гўзалига (фойдалисига) эргашадилар. Айнан ўшалар Аллоҳ ҳидоят этган зотлардир ва айнан ўшаларгина ақл эгаларидир” (Зумар, 17–18).

Аллоҳ таоло барчамизни ояти каримада мадҳ этилган бандаларидан қилсин!

Муҳаммад Сиддиқ МУКАРРАМ тайёрлади.