Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Икки неъматда: саломатлик ва хотиржамликда кўп инсонлар алданиб қолади”, дедилар» (Имом Бухорий, Термизий, Ибн Можа).

Имом ибн Жавзий: “Кўп кишилар хотиржам, соғлом бўлишганида, бу имкониятларининг қадрига етмай, доим шундай таним соғ, хотиржам бўламан, деган ўйда ибодатга суст бўлади, яхши ишларни қилишга шошилмайди. Натижада имкониятни қўлдан бой беради”, дейди.

Дунё охират экинзоридир. Тани соғлигига шукр қилиб, вақтини яхши ишларга сарфлаган киши икки дунё саодатига эришади. Вақтини бекорчи нарсалар билан банд этиб, умрини исроф қилган кимса касодга учрайди. Чунки ҳеч нарса доимий эмас. Хотиржамлик, соғлик кетидан хасталик келиши мумкин. Банда умр бўйи соғлом, фароғатда ҳаёт кечирса ҳам, ниҳоят қарилик уни домига тортади. У қанчалик соғлом ва хотиржам бўлмасин, қаригандан кейин кучдан қолиб, жисми заифлашади.

Муҳаққиқ олим Тийбий шу ҳадис шарҳида айтади: “Саломатлик ва хотиржамлик яхши сармоя. Уни тўғри ишлата билиш эса саодатдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) соғлом, хотиржам кишини сармоя (дастмоя)си бор тижоратчига ўхшатдилар...” Пухта тижоратчи сармоясига зарар етказмай фойда олади.

Чиндан ҳам, умр – қадрли ва бебаҳо сармоя. Кўпинча нафсимизнинг йўриғига кириб, баъзан орзу-ҳавас, деб алданиб қоламиз. Ҳадиси шарифда кўп кишилар айнан шу икки неъматнинг – саломатлик ва хотиржамликнинг қадрига етмай, афсусда қолиши таъкидланган. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) биз умматларининг алданиб қолганлардан бўлмаслигимизни истайдилар. Бунинг учун вақтимиздан унумли фойдаланишимиз, саломатлик ва хотиржамликнинг қадрига етишимиз лозим.

 

Бувайда тумани бош имом-хатиби Абдулҳафиз ЎРОЛОВ тайёрлади.