Ибн Журайж (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. “Яъло (розияллоҳу анҳу) Умарга (розияллоҳу анҳу): “Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ваҳий нозил бўлаётган пайтдаги ҳолатини айтиб беринг”, деди. У деди: Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) саҳобалари билан Жеърона деган жойда бўлганларида бир киши келиб: “Эй Аллоҳнинг расули, умрага эҳром боғлаб, хушбўй нарсалар сепиб олган киши хусусида нима дейсиз?” деб сўради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бир оз жим турдилар, шунда ваҳий келди. Умар (розияллоҳу анҳу) Яълога ишора қилдилар. Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) соябон бўлиб турган тўн бор эди. Яъло тўнга бошини киргизди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) юзлари қизарган, ҳансираган ҳолда эдилар.

Сўнг ўзларига келдилар ва: “Умра ҳақида сўраган киши қани?” дедилар. Сўровчи киши келгач: “Ўзингдаги хушбўй ҳидни уч бор ювгин, жуббангни еч, ҳажда нима қилсанг, умрада ҳам қил”, дедилар. Мен Атодан: “У зот уч марта ювишни буюрганларида тоза бўлишни назарда тутдиларми?” деб сўрадим. Ато (розияллоҳу анҳу): “Ҳа”, деб жавоб берди (Имом Бухорий ривояти).

Шарҳ: Ҳаж ҳам молиявий, ҳам жисмоний ибодат. Унинг ўзига хос одоблари бор. Уларга риоя қилиб адо этган киши онадан янги туғилган одам каби гуноҳлардан покланади. Эҳромли киши ҳар бир амални бузмай, Аллоҳ учун мукаммал адо этиши керак. Ҳадисда зикри келган саҳройи кишининг исмини Ибн Фатҳун: “Ато ибн Муния эди”, деган.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳеч бир масалага ўзларича жавоб берган эмаслар. Ҳар бир ишда Ҳақ таолодан бирон илҳом ёки ваҳий бўлгунча кутардилар. Бу сафар ҳам ваҳий келгунча кутдилар. Абу Ҳотим айтади: “Ўша онда нозил бўлган оят “Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг!” (Бақара, 196), ояти эди”.

Ибнул Арабий бундай дейди: “Араблар жоҳилиятдалик пайтида кийимларини ечиб, хушбўйланмасдан ҳаж қилишарди. Умра зиёратини ҳаждан кўра енгил ҳисоблардилар. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ушбу ҳадислари билан умра ва ҳажнинг одоблари бир эканини таълим бердилар. Ибни Мунир: “Ҳажда нима ишларни қилишдан қайтарилган бўлсак, умрада ҳам ўша нарсаларни тарк этишга буюрилдик”, дейди.

Ҳаж ибодатида умра ибодатидан кўра амаллар кўп. Масалан, шайтонга тош отиш, Арафот тоғида туриш, қурбонлик қилиш ва ҳоказо. Аммо қайтариқлар ҳар иккаласида ҳам бир хил. Ҳажда қилиш мумкин бўлмаган ишлар умра ибодатида ҳам тақиқланади.

Ушбу ҳадис эҳромли киши хушбўйланмаслигини англатади. Эҳромдаги киши ўзига ё эҳромига хушбўй суртса унга каффорат лозим бўлади. Аллоҳ таоло барчамизга ҳаж ва умра ибодатларини мукаммал қилиб бажаришимизни насиб этсин!

 

Собиржон АРЗИҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими