Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Сизлардан бирортангиз ўзи яхши кўрган нарсасини биродарига раво кўрмагунча мўмин бўлолмайди” (Имом Бухорий ривояти).

Уламолар ҳадис шарҳида “мўмин бўлолмайди” жумласини “чинакам мўмин бўлолмайди”, деб шарҳлаганлар. “Ўзи яхши кўрган нарса” эса киши учун фойдали, ёқимли ва хайрли бўлган барча нарсадир. Англашилган иккинчи маъно ўзи ёмон кўрганини биродарига раво кўрмаслик, дегани ҳамдир.

Буни яхши тушуниш учун, аввало, инсон нимани яхши кўриши ва нимани ёқтирмаслигини ўйлаб, тафаккур қилиши керак. Одам боласи соғ-саломат, тинч, фаровон турмуш кечиришни, яхши касб-кор эгаллашни, обрў-мартабаси улуғ бўлишини, фарзандлари камолини кўришни, эзгу ниятларига эришишни орзу қилиб, шунга интилиб яшайди. Бу яхши, албатта, лекин қўни-қўшни, ёр-биродарларга ҳам биз хоҳлаган неъматлар етишида биздан ёрдам, кўмак лозим бўлганда, “лаббай” жавобини бера оламизми? Бизнинг манфаатларимизга зид бўлиб турган ишнинг бошқалар фойдасига ҳал этилишига рози бўла оламизми, кўнглимиз тусаб, ёқтириб турган нарсадан воз кеча оламизми? Энг яхши нарсамизни эҳсон қила оламизми? Агар шундай қила олсак, чинакам мўмин бўламиз, савобга эришамиз. Ояти каримада бундай марҳамат қилинади:

“Суйган нарсангиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Нимани эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир” (Оли Имрон, 92).

Ушбу оят тафсирида муфассирлар бир-биридан қизиқ, барчаси ўзига хос, бир-бирини тўлдирадиган ривоятларни келтирганлар.

Қуртубий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Бунда икки хил масала бордир:

Биринчиси – Насоийнинг лафзлари билан Анасдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: “Суйган нарсангиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар” ояти нозил бўлганда Абу Талҳа (розияллоҳу анҳу) айтди: “Раббимиз молимиздан сўрамоқда. Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизни гувоҳ қиламанки, ўз еримни Аллоҳ учун атадим”. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қариндошларинг Ҳассон ибн Собит, Убай ибн Каъбларга (розияллоҳу анҳум) эҳсон қил”, дедилар. “Муватто”да келтирилишича, Абу Талҳанинг (розияллоҳу анҳу) энг яхши кўрган моли “Байруҳо” деган боғи эди. Боғ масжидга туташган бўлиб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга кирар, ширин сувидан ичар эдилар”.

Шунингдек, Зайд ибн Ҳорисанинг (розияллоҳу анҳу) Сабл номли оти бор эди. Зайд (розияллоҳу анҳу) айтди: “Аллоҳ, албатта, Сен мана шу отимдан кўра севимлироқ молим йўқлигини биласан”, деди-да, уни Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига олиб келди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Усомага (розияллоҳу анҳу): “Буни олгин”, дедилар. Бундан Зайднинг (розияллоҳу анҳу) кўнгли оғригандай бўлди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (Зайд ибн Ҳорисага): “Аллоҳ буни сендан қабул қилди”, дедилар.

Умар ибн Абдулазиз (раҳматуллоҳи алайҳ) шакар сотиб олар ва уни садақа қилиб юборар эдилар. У кишига одамлар: “Шакарнинг пулини садақа қилиб қўя қолсангиз бўлмайдими?” дейишди. “Шакар мен учун жуда севимлидир. Шунинг учун севимли бўлганини инфоқ қилишни хоҳладим”, деди.

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ўзингиз яхши кўрган нарсага ўзингиз суйган нарсани тарк қилиш билан эришурсиз. Ўзингиз тааммул қилиб (ўйлаб юрган) нарсангизга фақат ёмон кўрган нарсангизга сабр қилиш билан етурсиз”, деб айтадилар.

Иккинчи оятдаги “бирр” – яхшилик хусусида турли фикрлар билдирилган. Яхшиликни “жаннат” деб тафсир ҳам қилганлар. Ибн Масъуд, Аъто, Мужоҳид, Умар ибн Маймунлар (розияллоҳу анҳум) оят замирида “Ўзингиз яхши кўрган нарсани инфоқ қилмагунингизча яхшилик савобига ета олмассиз”, деб келтирадилар. “Бирр”ни яна солиҳ амал ҳам деганлар. Чунки бошқа бир ҳадиси шарифда: “Ўзингизга ростгўйликни лозим тутинг. Чунки у яхшиликка етаклайди. Яхшилик эса жаннатга етаклайди”, деб айтилган. Атийя Авфий: “Ўзингиз саломат, бойликни истаб, фақирликдан қўрқиб турган ҳолингизда садақа қилмагунингизча диннинг шарафига ва тақвога эришолмайсиз”, деди.

Замахшарий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Ўзингиз яхши кўриб, афзал билган нарсангизни инфоқ қилмагунингизча яхшиликнинг ҳақиқатига етолмайсиз, аброр бандалардан бўлолмайсиз”.

Ислом шариатида хайру эҳсоннинг йўллари ва яхшилик эшиклари кўп, инсон қай бирини Аллоҳ розилигини кўзлаб амалга оширса, улуғ ажр ва савобларга эга бўлади. Биз ўрганган ҳадисга мувофиқ мўмин банда ўзи яхши кўрган молидан берса, имоннинг камолотини топган, мақталган даражалардан бирига етган бўлади. Албатта, бу ҳадиснинг бир жиҳати. Мўмин мўминга моддий нарсалар қаторида маънавий яхшиликларни ҳам илиниши, ёмонликлардан қайтариши, биродарининг ҳам камолотига ёрдам бериши керак.

Нилуфар САИДАКБАРОВА,

Тошкент Ислом институти талабаси