Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло етти тоифа инсонни Ўз (Арш)ининг соясидан бошқа соя йўқ кунда Ўз (Арш)ининг соясида соялантиради: (Биринчиси) адолатли имом (бошлиқ); (иккинчиси) Раббисига тоатда улғайган йигит; (учинчиси) қалби масжидга боғланган киши; (тўртинчиси) Аллоҳ учун бир-бирини яхши кўрган икки киши. Улар ўзаро муҳаббатлашгани учун жамланади ва ажралади; (бешинчиси) обрў-эътиборли ва гўзал бир аёл ўзига чақирган вақтда: “Мен Аллоҳдан қўрқаман”, деган киши; (олтинчиси) ўнг қўли берган садақани чап қўли билмайдиган ҳолда махфий садақа қилувчи киши; (еттинчиси) Аллоҳни хилватда зикр қилиб, икки кўзидан ёш оққан инсон”, дедилар» (Бухорий ривояти).

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ушбу сўзлари билан Аллоҳ таолонинг ҳимояси ва раҳм-шафқатига сазовар бўлиш йўлларидан еттитасини баён қилдилар.

Аллоҳ таолонинг Арши яратганларининг ичида энг каттаси ва улуғидир. Унинг сифати Аллоҳгагина маълум. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо) айтади: “Аршнинг ўлчамини Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди”. Фаришталар уни кўтариб туради. Қуръони каримда бундай дейилади: “Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришта)лар (яккаю ягона)Парвардигорларига ҳамд билан тасбеҳ айтурлар...” (Ғофир, 7).

Ҳадиси шарифда “Аллоҳ таоло етти тоифа инсонларни соя йўқ кунда Ўз (Арш)ининг соясида соялантиради”, дейилмоқда. Чунки Қиёмат кунида қуёш маҳшаргоҳга жуда яқин келади. Маҳшаргоҳ қизиб, Аршнинг соясидан бошқа соя қолмайди. Шунингдек, бу иборадан Аллоҳнинг ҳимояси ва раҳм-шафқати остида бўлиш ҳам тушунилади. Бу мавзудаги ҳадислар ўрганилганида Аршнинг сояси фақат ушбу етти тоифа инсонларгагина хос эмаслиги маълум бўлди.

Адолат – ҳар бир соҳада ҳамма ишларни ўз ўрнига қўйиш. Етти тоифа кишининг ичида “адолатли бошлиқ” биринчи зикр қилинди. Чунки бошлиқнинг фойдаси кенг қамровлидир. Инсонлар энг камида ўз оиласида бошлиқ ҳисобланади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Огоҳ бўлинг! Ҳар бирингиз бошлиқсиз. Ҳар бирингиз қўл остингиздагилардан (Қиёмат куни) сўраласиз. Инсонларга бошлиқ, ўз халқидан сўралади. Оиласида бошлиқ, оила ­аъзоларидан сўралади”, дедилар (Имом Бухорий). Аллоҳ таоло адолатли подшоҳ орқали кўп улуғ ишларни амалга оширади.

Биз “йигит” деб таржима қилган “шабб” лафзи балоғатга етган вақтдан то ақли тўлиш (тахминан қирқ) ёшигача бўлган оралиқдаги кишига айтилади. Инсоннинг ёшлигидан ибодатда, савобли ишларни қилиб улғайиши алоҳида мақтовга лойиқ. Ёшликда инсоннинг табиати нафс-ҳавога, турли шаҳватларга ва беҳуда ўйин-кулгига кўпроқ мойил бўлади. Шунинг учун доимо Аллоҳнинг ибодатида бўлиш қарияларга нисбатан ёшларда машаққатли, савоби улуғроқ бўлади.

“Қалби масжидларга боғланган киши” жумласини Кирмоний бундай баён қилади: “Қалби масжидга боғлиқ киши масжидни яхши кўради. Масжидда жамоат билан намоз ўқишни канда қилмайди”.

Аллоҳ йўлида ўзаро муҳаббатли бўлиш дунёвий мақсадлардан холи бўлиши керак. “Улар ўзаро муҳаббатлашгани учун жамланади ва ажралади” ибораси Аллоҳ йўлидаги ҳақиқий муҳаббат умрларининг охиригача давом этишини ифодалайди. Мол-давлат, мансаб, обрў-эътибор туфайли бўлган муҳаббатнинг умри қисқадир.

“Обрў-эътиборли ва гўзал бир аёл ўзига чақирган вақтда” ибораси эркакка нисбатан аёлда фаҳш ишга мойиллик юқори эканини билдиради. Зинога чорлаб турган, унга етишиш машаққати бўлмаган аёлга бормай, сабр қилган кишининг мартабаси улуғдир. Зинога чақирилган киши: “Мен Аллоҳдан қўрқаман” дейиши ҳақида Қози Иёз (раҳимаҳуллоҳ) бундай дейди: “Бу жумлани у аёлни фаҳш ишдан қайтариш учун тилида ёки ўз нафсини қўрқитиш учун қалбида айтган”. Аллоҳ таоло айтади: “Парвардигори (ҳузурида) туришдан (сўралишдан) қўрққан киши учун икки жаннат (боғи) бордир” (Раҳмон, 46).

“Ўнг қўли қилган садақани чап қўли билмайдиган” жумласида садақанинг махфий қилиниши муболаға билан айтилмоқда. Яъни, ўнг қўлчалик яқин масофада бўлган киши ҳам қилган хайр-садақа ва яхшилигингни билмасин. Бошқаларга билдириш кўп ҳолатлар­да риёкорликка олиб боради. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши. Борди-ю, камбағалларга пинҳона берсангиз – ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир” (Бақара, 271). Оятнинг зоҳиридан садақанинг барча турини ошкора ёки яширин бериш мумкинлиги, аммо яширин берилган садақа афзал экани маълум бўлмоқда. Баъзи уламолар: “Фарз ёки вожиб  садақалар: закот, хирож, ушр, фитр садақаси ва каффоратларни ошкора берган афзал. Ихтиёрий нафл садақаларни эса, яширин берган яхши”, дейишган.

Инсон Аллоҳ таолони эслаган вақтда кўзи­га ёш тўлиши унинг тақвоси, Парвардигорига етишиш ва жаннатда гўзал жамолини кўриш­га иштиёқининг баланд эканидан дарак. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Ким Аллоҳ таолони зикр қилиб (эслаб), қўрққанидан икки кўзига ёш келиб, ерга оқса, Қиёмат куни азобланмайди” (Имом Ҳоким).

Муҳаммадали ЗОҲИДОВ

“Умдатул қорий”, “Фатҳул Борий”,“Манҳалул ҳадис” асарлари асосида тайёрлади.