Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бир одам: “Ё Расулуллоҳ! Менга қисқа бир насиҳат қилинг, узайтириб юбормангки, унутиб қўйишим мумкин” деди (бу сўзини бир неча марта такрорлади). Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (бир сўз билан) “Ғазабланма!” деб жавоб бердилар” (Имом Бухорий ва Имом Термизий).

Шарҳ. Саҳобийнинг талаби бошқа ривоятларда “Мени жаннатга олиб борадиган бир амални айтинг!”, “Мен фойдаланиб юрадиган бир нарса айтинг, кўп бўлмасин...”, “Менга бир сўз айтинг, оз бўлсин, ёдимда тутай...” тарзида келган. Яна бошқа шакллари ҳам бор. Сўровчининг ким бўлгани баъзи ривоятларда айтилган, бошқаларида айтилмаган. Бундан Расуллуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кишини жаннатга олиб борадиган оз ва соз амални кўп марта сўраб мурожаат қилингани маълум бўлади. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса бу саволларнинг кўпига “Ғазабланма!” деб жавоб берганлар.

Аҳмад ибн Ҳанбал ва Ибн Ҳиббон ривоятлари охирида исми зикр қилинмаган кишидан бундай изоҳ келтирилган: “Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу жавобларидан ғазаб барча ёмонликларни ўзида жамлаганини тушундим”.

Хаттобий дейди: “Ғазабланма!” сўзининг маъноси “Ғазабга олиб борадиган сабаблардан сақлан”, демакдир. Ғазабнинг ўзи тақиқланиши мумкин эмас. Чунки у табиий, фитрий ҳолдир, инсон уни ўз табиатидан чиқариб ташлаёлмайди”.

Баъзилар ҳадисни бундай шарҳлашган: “Ғазабланма, чунки ғазабнинг манбаи кибрдир. Кибр кишининг хоҳишларига терс тушадиган омилга нисбатан пайдо бўлади ва эгасини ғазабга бошлайди”.

Айрим олимлар ҳадисни “Ғазабинг буюрган ишни қилма!” деб шарҳлаганлар.

Ибн Тин айтади: “Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) “Ғазабланма!” деган сўзларида дунё ва охират ишларини жамлаганлар. Чунки ғазаб кишиларни бир-биридан узоқлаштириб, ўзаро меҳр-шафқатни йўқотади. Бу эса, кишининг динига нуқсон етказади”.

Байзовий эса бундай изоҳни келтиради: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кишининг бошига келадиган бутун ёмонликларга шаҳват ва ғазаб сабаб бўлишини ва савол сўраган кишининг шаҳват жиҳатидан мўътадил эканини билганлари учун уни ғазабланишдан қайтарганлар. Киши ғазабланганида ўзини қўлга ола билса, энг кучли душмани – нафсини енгган бўлади”.

Олимлар яна бундай дейишган: “Аллоҳ таоло ғазабни оловдан яратди ва уни инсон фитратига жойлаштирди. Киши бирор мақсадига етишиш йўлида ким биландир низолашса, ғазаб олови ёнади ва юзу кўзи қизариб кўпчиб кетади”.

Ғазаб қалбда кин ва ҳасадни пайдо қилади ҳамда бошқа кўпгина ёмонликларни ичга жойлаштиради. Ҳатто айтиш мумкинки, ғазаб билан ҳосил бўладиган биринчи ҳолат ботиннинг хунуклашишидир. Ташқи ўзгаришлар аслида ички ўзгаришларнинг натижаси ва самараси. Айтилганларнинг ҳаммаси ғазабнинг баданга таъсиридир.

Ғазабнинг тилга таъсири ҳам талай: ҳар бир ақли жойида одам бошқа пайт айтишга хижолат қиладиган, кейин пушаймонга сабаб бўладиган хунук ва қўпол сўзларни жаҳли чиққанида гапириб юборади. Шунингдек, ғазабнинг феълий таъсири кишини уриш, ўлдиришга бошлашидир”.

Кўриниб турганидек, ғазабнинг зоҳирий, ботиний, жисмоний ва феълий зарарлари санаб бўлмайдиган даражада кўп. Бу ҳақда фикр юритган киши Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) биргина “Ғазабланма!” деган насиҳатларига амал қилиш билан ана шу саноқсиз ёмонликлардан сақланиши ва яна қанча ҳикматларга эришиши мумкинлигини англайди.

Юқоридагиларнинг барчаси дунёвий ишлардаги ғазаб ҳақида, диний ишларда ғазабланиш ҳақида эмас. Ибн Ҳажар “диний ғазаб” деганда, ҳақ учун, Аллоҳ таоло учун ғазабланишни назарда тутади. Чунончи, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нафслари учун ҳеч қачон ғазабланмасалар ҳам, диний масалаларда бирор хато ишни кўрсалар, дарҳол юзларида ғазаб аломати зоҳир бўларди. Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир одам Расулуллоҳга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен бомдод намозига фалончи сабаб келолмаяпман, чунки у намозни жуда чўзиб юборади”, деди. Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўша кунгидек ғазабланганларини кўрмагандим. У зот ғазаб билан бундай дедилар: “Эй инсонлар! Орангизда баъзилар нафрат эттирувчидир. Қайси бирингиз халққа намоз ўқиб берса, (қироатни) қисқа қилсин. Зеро, жамоатда касал бор, кекса бор, эҳтиёжли (ишли)лар бор”.

Манбалар асосида Нўъмон АБДУЛМАЖИД тайёрлади.