Абу Саид (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Бир киши Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, биродаримнинг қорни оғриб қолди”, деди. Шунда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Унга асал ичир”, дедилар. У асал ичирди. Сўнгра келиб деди: “Мен унга асал ичирдим, лекин оғриғи камаймади”. Шунда у зот: “Аллоҳ рост айтган. Қариндошингнинг қорни эса алдаяпти”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Шарҳ: Инсон баъзан билиб-билмай пала-партиш овқатланади ёки нафсини тиёлмай ҳаддан зиёд кўп еб қўяди. Натижада кўнгли беҳузр бўлиб, қорнида оғриқ пайдо бўлади. Чунки бундай пайтда ошқозоннинг патли сочиққа ўхшаш деворларини елимли аралашмадан иборат овқат хилтлари ёпиб ташлайди ва унинг фаолиятидаги меъёр бузилади. Ҳазрат Муҳаммад (алайҳиссалом) ана шундай пайтда асал ичишни буюрганлар.

Аллоҳ таоло бандаларга ҳар бир нарса ҳикматини пайғамбарлар воситасида билдирган. Инсон ўзича турли-туман неъматлар ичида асалнинг шифо бўлишини била олармиди? Йўқ, албатта. Табобат илми ҳам аслида пайғамбарларга Аллоҳ таолонинг илҳоми билан пайдо бўлган. Чунки дард берган Зот унга нима шифо бўлишини ҳам пайғамбарлари орқали билдирган.

Қуръони каримда бундай баён қилинади: “Уларнинг қоринларидан одамлар учун шифо бўлган турли рангдаги шарбат (асал) чиқур. Албатта, бунда фикр юритадиган қавм учун аломат бордир” (Наҳл, 69).

Табиийки, бир қошиқ асал ичиш билан тезда оғриқ босилиши ёки ич кетиши тўхтаб қолиши қийин. Шу боис у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қариндошингнинг қорни хато қилди”, дея унга яна асал ичириш кераклигини айтдилар. Чунки ошқозонда айниган хилтлар кўп бўлгач, уни тозалаш осон кечмайди. Беморга дарддан буткул фориғ бўлиши учун бир неча марта асал ичириш лозим бўлади.

Ибн Жавзий айтади: “Қорни оғриган беморга Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) асал ичиришни тавсия этишлари боиси шуки, асал шифо бўлиши ҳақидаги оятнинг ҳукми умумийдир. Ҳадис матнидаги “Аллоҳ рост айтган” деган калима шунга ишорадир...”

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Икки шифони лозим тутинглар: асал ва Қуръонни тарк қилманг”, деганлар (Ибн Можа ва Ҳоким ривояти).

Мўминларга Қуръони карим оятларининг шифо бўлишига шубҳа йўқ. Кам-кам бўлса-да, доимий асал еб юрган одам соғлом ва қувватли бўлади.

Аллоҳ таоло бандаларига ато этган неъматлар ичида асалнинг ўрни беқиёс. Унинг турфа хил гуллардан асалари воситасида олинишининг ўзиёқ одамни тафаккур қилишга ундайди. Ҳақ таоло барча беморларга Ўзи шифо берсин!

 

Хайрулло ТОҒАЕВ,

Тошкент шаҳридаги “Пул емас ота” жоме масжиди имом-хатиби