“Ашъарий айтади: “Соч-соқоли оқарган мусулмонни, Қуръонни ёд олиб, унда ҳаддан ошмаган ва уни тарк қилмаган кишини ва адолатли ҳукмдорни эъзозлаш Аллоҳни улуғлашдандир” (Имом Бухорий ривояти).

“Соч-соқоли оқарган мусулмонни...” Барча кишилар, хусусан, ёшлар кексаларнинг ҳурматини, қадрини жойига қўйиши лозим. Бундай яхши амал мўминликнинг рамзи, мусулмоннинг гўзал сифатларидан. Ёши улуғларга ҳурмат кўрсатмаган одам мана шу муборак рамзни ўзидан йўқотган бўлади.

Кексаларнинг ҳаётий тажрибаларини ўрганиш, яхши амалларидан ўрнак олиш ёшларимизга ҳаётда қоқилмай тўғри йўлда юришларига ёрдам беради. Чунки кексалар ҳаётнинг иссиқ-совуғи, аччиқ-чучугини бошларидан кечириб, турмушнинг пасту баландларидан ўтиб тобланишган. Кексаларнинг тажрибаларини ўрганиш улар йўл қўйган хатоларни такрорламасликка ва улар қийналиб эришган ютуқларга осонлик билан эришишга боис бўлади. Бир сўз билан айтганда, ёшликнинг қуввати билан кексаликнинг ҳикмати қоришиб, катта ютуқларни қўлга киритиш мумкин. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким кичигимизга раҳм қилмаса ва катталаримизнинг ҳаққини билмаса, биздан эмас”, деганлар. Ушбу ҳақиққатни яхши англаган ҳолда, кексаларимизни доимо эъзозлашимиз, ҳурматлашимиз лозим.

“...Қуръонни ёд олиб, унда ҳаддан ошмаган ва уни тарк қилмаган кишини...” Қуръони каримни ёд олиб, доимо такрорлаб, ўқиб юрадиган, унинг ҳукмларига амал қиладиган ва унинг ҳукмини татбиқ этишда ҳаддан ошмаган, кибр қилмаган ва тажвидини бузмаган кишининг ҳурматини жойига қўйиш Аллоҳ таолони улуғлашдандир. Ҳадиси шарифда: “Қуръон аҳли (уни ёд олган, уни тиловат қиладиганлар) Аллоҳнинг хос, яқин бандаларидир”, дейилади.

“...адолатли ҳукмдорни эъзозлаш Аллоҳни улуғлашдандир”. Адолат билан ўз халқининг фаровонлиги, ривожланиши, тараққиёти ва эртаси ҳақида ўйлаб ҳукм қиладиган имон-эътиқодли раҳбарни ҳурмат қилиш. Ҳадисдан фуқаролар бундай раҳбарнинг олиб бораётган хайрли ишларида ривож тилаб, дуода бўлишлари ҳамда унга итоат қилишлари кераклиги ҳам тушунилади. Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: “Эй имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!..” Бу оятдан Аллоҳ ва Унинг расули буйруқларига итоат қилиш билан бирга мусулмонлар ўзларининг дин ва давлат бошлиқларига ҳам бўйсунишлари вожиблиги маълум бўлади. Модомики, раҳбар ёки ота-оналар гуноҳ ишларга буюрмас эканлар, уларга итоат этиш шаръан вожибдир (Таҳовий “Ақоид”и).

Хулоса шуки, кексалар, Қуръон ўқиб, унга амал қилувчилар ва одил раҳбарларнинг ҳурматини сақлаб, уларни эъзозлаган киши улкан ажру савобларга эришади.

Мусохон АББОСИДДИНОВ,

Наманган шаҳар бош имом-хатиби