Муғийра ибн Шуъба (розияллоҳу анҳу) айтади: Абдурраҳмон ибн Аби Бакр (розияллоҳу анҳу) отасидан ривоят қилди: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизларга энг катта гуноҳларни айтайинми?” дедилар. Саҳобалар: “Ҳа, ё Расулуллоҳ!” дейишди. У зот: “Аллоҳ таолога ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, дедилар. Ривоят қилувчи айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суянган ҳолда эдилар ва: “Билиб қўйингки, ёлғон сўз айтиш ва ёлғон гувоҳлик бериш”, дедилар. Расулуллоҳ ана шу сўзларини қайтаравердилар. Ҳатто биз кошки тўхтасалар”, дедик” (Имом Бухорий ривояти).

Шарҳ:

Бу ҳадисда зикр қилинмаган яна бир неча улкан гуноҳлар бор. Мазкур уч гуноҳни ҳадисда алоҳида зикр қилиниши уларнинг оқибати хатарли эканидандир.

Айрим уламолар гуноҳларнинг катта-кичиги бўлмайди, Аллоҳ ман этган ҳар бир нарса гуноҳи кабирадир, деса, аксарият уламолар, куфрдан бошқа гуноҳлар рутбасига қараб катта ва кичик бўлади, дейди. Ҳақиқатан энг катта гуноҳ ширкдир. Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “Албатта, Аллоҳ ўзига (бирор нарса) шерик қилинишини кечирмайди. Бундан ўзга (гуноҳлар)ни (Ўзи) хоҳлаган кишилар учун кечиргай. Кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, демак, у (тўғри йўлдан) жуда узоққа адашибди” (Нисо, 116).

Ҳақ таолога, унинг зотига ва сифатларига бирон нарсани тенглаштириш ширкдир.

Катта гуноҳларга азоб бўлганидек, кичик гуноҳларга ҳам азоб бор. Кичкина гуноҳ ҳам доимий қилинса, катта бўлади.

Ота-онага оқ бўлиш уларни қаттиқ ранжитишдир. Ота-онанинг фарзандни тарбиялаб вояга етказишда чеккан заҳматларини ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ўз отасидан шикоят қилган бир кишига: “Сен ва молинг отангникидир”, дея огоҳлантирганлар (Ибн Можа ривояти).

Ёлғон сўзлаш, ёлғон гувоҳлик беришда улкан хатарлар мавжуд. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўмин ёлғончи бўлмаслигини таъкидлаганлар. Абу Бакр (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадисда: “Ёлғон имондан четлатувчидир”, дейилади (Имом Байҳақий ривояти).

Раҳимберди РАҲМОНОВ,

Тошкент шаҳридаги “Хўжа Аламбардор” жоме масжиди имом-хатиби