Жобир ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сотганида, сотиб олганида, ҳақини талаб қилганида илтифотли бўлган кишига Аллоҳ таоло раҳматини ёғдирсин”, дедилар. Бошқа бир ривоятда: “қарзни қайтарганида”, деган қўшимча ҳам бор (Бухорий, Термизий ва Ибн Можа).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонлар ўртасидаги доимо бўлиб турадиган ўзаро муносабатнинг асосий тўрттасини айтиб, шу тўрт нарсада илтифотли, марҳаматли бўлганга Аллоҳ таолодан раҳмат тиладилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг дуолари мустажобдир. Бу дуо шу тўрт нарсада марҳаматли бўлган мусулмонларга қиёматгача етади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) яна: “Қарз берганда ва олганда, олди-соттида енгиллик қилган кишини Аллоҳ таоло жаннатга киргизади”, деганлар (Имом Аҳмад, Насоий ва Ибн Можа).

Биринчиси, сотаётганда илтифотли бўлиш. Яъни, нарсасининг нархини сотиб олувчилар имкониятига қараб белгилаш, оз бўлса-да, арзон бериш. Тижоратда ҳам “арзон сот, кўп сот” мазмунида қоида бор. Бу билан савдо тезлашади. Бу сотувчига ҳам, сотиб олувчиларга ҳам фойдалидир.

Иккинчиси, сотиб олаётганда илтифотли бўлиш. Харидор сотувчининг меҳнати ва чеккан қийинчиликларини инобатга олиб, нархини ҳаддан ташқари тушириб юбормаслиги керак. Мол ўзига ёқса, сотувчи айтган нархни бергани афзал. Бу билан фақат ўзини эмас, сотувчини ҳам хурсанд қилган бўлади.

Учинчиси, ҳақини талаб қилишда илтифотли бўлиш. Қарз берувчининг фазли садақа қилувчиникидан юқори ҳисобланади. Чунки қарз берувчи кўп ҳолатда муҳтож бўлганга ва ўзига ҳам пул керак бўлиб турганда беради. Садақа қилувчи эса ўзидаги ошиқча маблағни садақа қилади, садақани олувчида ҳам айни шу вақтда пулга эҳтиёж бўлмаслиги мумкин. Қарз берувчи қарз олган одамдан қарзини сўрашга истаган вақтида ҳақи бор. Лекин қарз олган кишининг ҳолатини ҳисобга олиб, сўрашни ортга сурса ё қарзини кечиб юборса, энг улкан ажру савобга эга бўлади. Қуръони каримда: «Агар (қарздор) қийналса, бойигунга қадар кутиш лозим. Агар билсангиз, (берган қарзингизни қарздорга) садақа қилиб юборишингиз ўзингиз учун яхшироқдир» (Бақара, 280), деб марҳамат қилинган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: «Сизлардан олдин ўтган бир савдогар бўлган. У одамларга қарз берарди. Агар қарзини қайтаришга қийналган кишини кўрса, хизматкорларига: “Унинг қарзини кечиб юборинглар, шояд Аллоҳ таоло ҳам бизнинг гуноҳларимизни ўтиб юборса”, дер эди. Аллоҳ таоло унинг гуноҳларидан ўтди» (Имом Аҳмад ривояти).

Қарз олган солиҳ мўмин бўлиб, қарз олиб, алдаб юрувчи бўлмаса, ундай кишиларга берилган қарзни кечиб юбориш савобли ва жамият учун ҳам фойдали. Аксинча бўлса, ундай кишилардан қарзни талаб қилиб олиш қарз олувчига ҳам, берувчига ҳам ва бутун жамият учун фойдалидир. Чунки ундан қарзини олмасдан кечиб юбориши бошқалардан ҳам қарз олиб зулм йўлида давом этишига сабаб бўлади.

Тўртинчиси, қарз олган кишининг қарзни қайтаришга шошилиши. Қарзни вақтида қайтариш қарз олувчининг юзини ёруғ қилади. Аллоҳ таоло қарзни қайтариб бериш ниятида олган ҳар бир мўминга ёрдамчидир. Қарз олган киши қарзини қайтараётганида қарз берган кишининг ҳақига унга эшиттириб дуо қилиши керак. Бу билан ўрталаридаги алоқа янада яхшиланади.

Ҳикматуллоҳ ХОЛБОЕВ,

Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани «Оқмачит» жоме масжиди имом ноиби