Зайд ибн Талҳа ибн Рукона (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Ҳар бир диннинг хулқи бор, Исломнинг хулқи ҳаёдир” (Имом Молик ва Ибн Можа ривояти).

Шарҳ: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу муборак ҳадисларида, кишида у мансуб бўлган дин хулқи намоён бўлишини, унинг хулқидан динини билиб олиш мумкинлигини, Ислом дини алоҳида аҳамият берган хулқ ҳаё эканини баён қилмоқдалар. Яъни, мусулмонни безайдиган, унга гўзаллик бахш этадиган хулқ ҳаёдир.

Зурқоний айтади: “Ҳаё” асли “ҳаёт” сўзидан олинган. Қалб Аллоҳ таолога имон билан ҳаёт топиб жонланса, эгасининг ҳаёси ҳам ортади. Эътибор берсангиз, одам уялган пайтида терлаб кетади. Ундаги тер қалбида жўшган ҳаёнинг ҳароратидан пайдо бўлади. Бу ҳол кишининг имони кучли эканидан далолатдир”.

Ҳаким Термизий бу ҳадис шарҳида бундай деган: “Ислом нафснинг Парвардигор амрларига бўйсунишидир. Ҳаё Исломнинг ахлоқи саналиши шундан. Тавозе ва уятчанлик мусулмоннинг фитратида бор”.

Мусулмонда ҳаё ҳамиша устундир. Чунки юксак хулқ-атвор у билан тугал бўлади. Ислом дини энг шарафли ва мукаммал дин бўлгани учун Аллоҳ таоло энг юксак ва шарафли хулқни, ҳаёни бу динга хос қилган.

 

“Кутуби ситта” асосида Содиқ НОСИР тайёрлади.