Анас (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Қайси бир мусулмон бирор кўчат ёки экин экса, ундан қуш, инсон ёки ҳайвон еса, у учун садақа бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим).

Ҳадисдаги “мусулмон” сўзи эркакни ҳам, аёлни ҳам ўз ичига олади. Яъни, эркак кишими ёки аёлми, бирор кўчат ёки экин экса, ундан одамлар ёки бошқа жониворлар фойдаланса, унга савоби етади.

...ундан қуш, инсон ёки ҳайвон еса”. Муҳаллаб айтади: “Бу ҳадис жониворларга берилган нарса учун ҳам савоб борлигига далолат қилади”.

Ҳадисда ерни обод қилишга тарғиб этилиб, ўзи ёки бошқалар учун экин экканга ажр ваъда қилинган. Эккан киши бундан садақани ният қилмаган бўлса ҳам, унга садақа савоби бўлаверади.

Кўчат ёки экиндан чиққан мева, улардан олинган уруғлар ва кўчатлар экилса ва бу қанча такрорланса ҳам савоби қиёматгача давом этаверади. Муоз (розияллоҳу анҳу)дан: “Ким зулм ва тажовуз қилмасдан бир уй қурса ёки зулм ва тажовуз қилмасдан бирор экин экса, модомики, ундан Раҳмон таборака ва таолонинг яратганларидан биронтаси фойдаланиб турар экан, унга тўхтовсиз ажр бориб туради” (Имом Аҳмад ривояти).

Бу ажрнинг миқдорини қуйидаги ҳадисдан билиб олишимиз мумкин. Абу Айюб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Қайси киши бирор кўчат экса, унга ўша кўчатдан чиққан мева миқдорича ажр берилади” (Имом Аҳмад).

Кишининг боғи ёки экинидан ўғирланган нарса учун, ҳайвонлар пайҳон қилгани учун ҳам унга савоб бор. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Қайси мусулмон бирор ниҳол экса, ундан ейилгани унинг учун садақа бўлади, ундан ўғирлангани унинг учун садақа бўлади, ундан ҳайвонлар егани унинг учун садақа бўлади, ундан қушлар егани унинг учун садақа бўлади, ундан биров юлиб олгани унинг учун садақа бўлади” (Абд ибн Ҳумайд). Чунки унинг боғи ёки экинидан бирор нарса ўғирланиши унинг учун мусибатдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мусулмон унга етган ҳар бир мусибат учун, ҳатто боғичининг узилишига ҳам ажр олади”, деганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Эккан киши вафотидан кейин ҳам унга эккан нарсаларидан савоб бориб туради. Ҳатто боғи сотилиб, бошқа кишиники бўлиб кетса ҳам, савоби етиб туради. “Агар инсон ўлса, уч амалидан бошқасининг савоби тўхтайди: садақаи жория, фойдаланиладиган илм ёки унга дуо қиладиган фарзанд”, деганлар Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) (Имом Муслим ривояти).

Ҳадисда боғдорчилик ва деҳқончиликнинг мубоҳлиги, уларнинг зуҳдга зид эмаслиги ҳам баён қилинган. Кўп саҳобалар шундай ишлар билан шуғулланишган. Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) Дамашқда кўчат экиб турганларида олдиларидан бир киши ўтиб: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобаси бўлатуриб, кўчат экиб ўтирибсизми?” деди. Абу Дардо (розияллоҳу анҳу): “Шошма, мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ким бир кўчат экса, ундан одам боласи ёки Аллоҳнинг яратганларидан бирортаси еса, унга шу сабабли садақа бўлади”, деганларини эшитганман, деб айтди” (Имом Аҳмад ривояти).

Баъзи ўзини зоҳид билувчилар бу ишларни зоҳидликка зид санашган. Лекин олимлар агар бу ишларга ўта берилмасдан, ибодатларни зое қилмай, эҳтиёжларини қоплайдиган даражада машғул бўлса, зуҳдга путур етказмаслигини таъкидлашган.

Айримлар шу ҳадисдан келиб чиқиб, деҳқончилик касбларнинг энг афзали, деган. Масалан, Имом Нававий шундай деган. Лекин бошқалар энг афзал касб – тижорат, дейишган. Кўп ҳадисларда қўл меҳнати мақталганини кўришимиз мумкин. Бунга қуйидаги ҳадис ҳам далолат қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан “Қайси касб энг яхши?” деб сўрашди. У зот: “Киши ўз қўли билан меҳнат қилиши ва ҳар қандай яхши савдо”, дедилар” (Ҳоким ривояти).

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Сизлар экаётган зироатларингиз ҳақида ўйлаб кўрдингизми?! Уни сизлар ундирурмисиз ёки Биз ундирувчимизми?! Агар Биз хоҳласак, уни (офат юбориб) қуруқ чўп қилиб қўйган бўлур эдик, сизлар эса ажабланиб қолаверар (ва айтар) эдингиз: “Бизлар зиён кўрувчилармиз. Балки бизлар (ризқимиздан) маҳрумдирмиз” (деб надоматда қолган бўлур эдингиз) (Воқеа, 63 – 67).

Қуртубий айтади: “Кўчат ёки экин экаётган киши ушбу оятни ўқиб: “Экувчи, ўстирувчи, ундирувчи Аллоҳ. Ё Аллоҳ, Пайғамбаримиз Муҳаммадга салавот йўлла. Бизга ризқ бер. Экинимизни ундир. Биздан унинг зарарини йироқ қил. Бизни неъматларингга шукр қилувчилардан, берганларингни ёдда тутувчилардан қил. Ё оламлар Рабби, бизга бу экинда барака бер”, дейиши керак”.

Анас (розияллоҳу анҳу)дан: “Қиёмат қоим бўлиб қолиб, бировингизнинг қўлида кўчат бўлса ва қиёмат бўлгунча экишга имкони бўлса, эксин” (Имом Аҳмад ривояти). Савоб ишнинг ҳеч кечи йўқ. Модомики, имкон, фурсат бор экан, жорий садақалардан бўлган кўчат ёки экин экишга шошилайлик.

Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.