Ойша онамиздан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "У Сизга (Қуръон)ни нозил қилган зотдир.

Унда шу Китобнинг "онаси" саналмиш (маъноси) аниқ оятлар ва (шу билан бирга) бош­қа муташобиҳ (маъноси Ўзидан ўзгага номаълум) оятлар ҳам бор. Аммо кўнгилларида оғиш бор кимсалар одамларни фитнага солиш ва ўз талқинига мувофиқ маънолар бериш учун унинг (Қуръоннинг) муташобиҳ оятларига эргашадилар. Ҳолбуки, ундай оятлар таъвили (асл маъноси)ни фақат Аллоҳнинг Ўзигина билур. Илмда мустаҳкам (ҳаққоний олим)лар эса дейдилар: "Унга имон келтирдик. Барча (оятлари) Раббимиз ҳузуридандир". (Бундан) фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар" (Оли Имрон, 7), оятини тиловат қилдилар ва: "Қачон муташобиҳга (маъноси Ўзидан ўзгага номаълум) эргашаётганларни кўрсанг­лар, улар Аллоҳ таоло айтган кимсалардир (дилларида оғиш бор кимсалар), улардан эҳтиёт бўлинглар" дедилар" (Имом Муслим ривояти).

Шарҳ: Тафсирчи ва фақиҳлар муҳкам ва муташобиҳ оятлар тўғрисида турли фикрлар билдиришган. Баъзи муфассирлар, "Муташобиҳ суралар бошидаги алоҳида ўқилувчи ҳарф­лардир, улардан бошқаси эса муҳкам оятлар. Муҳкам оятлар маъносини уламолар билишади, муташобиҳларни Аллоҳнинг ўзигина билур", деса, бошқалари: "Муҳкам ваъда ва ваъид, ҳалол ва ҳаром оятларидир, муташобиҳ эса қисса ва мисол оятларидир, муҳкам оятлар ноаниқликка ва эҳтимолга ўрин қолдирмайди ва яна зоҳирий маъноси ёки баёни очиқдир", дейишди.

Ушбу ҳадис бидъатчи, адашган ва фитначи кимсаларга эргашмаслик ва уларнинг гап-сўзларига алданмаслик лозимлигини билдиради.

Қуръони каримга ҳар ким ўз билганича маъно айтиш ёки тафсир қилиши мумкин эмас. Қалби қора, мунофиқ кимсалар маъноси бандаларга очиқ баён қилинмаган оятларни ўз талқинида таржима қилиб, инсонлар ўртасида нифоқ уруғини сочишга ва ақидавий бўлинишларни келтириб чиқаришга уринишади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ушбу ҳадисларида ҳар хил фитначилар алдовига учиб, адашиб, турли низолар сабабчиси бўлиш хатарли эканини ва улардан эҳтиёт бўлишимиз лозимлигини уқтирмоқдалар.

 

"Шарҳун Нававий ала Муслим" асосида Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.