Қуръони карим, ҳадиси шариф бизларни том маънода яхшиликка тарғиб қилади, ундайди. Зеро, Ислом дини моҳиятан эзгулик динидир. Шунинг учун яхшилик қилиш мусулмон кишининг бурчи ҳисобланади. Баъзилар яхшилик қилишни маданият деб ҳисобласа, уни биз мўмин-мусулмонлар кундалик вазифа деб биламиз.

Ғарблик бирор одам ўзгалар ҳақ­қига кўз тикишни маданиятсизлик деб билса, шармандалик сифатида қабул қилса, мусулмон киши уни гуноҳ – маъсият деб билади.

«Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам): “Аллоҳ таоло ота-онага оқ бўлишни, қиз болаларни тирик­лай кўмишни, бахиллик билан тамагирликни ҳаром қилди ҳамда миш-миш гапларни, кўп сўраб, савол беришни ва мол-мулкни зое қилишингизни ёмон кўради”, дедилар».
Шарҳ: Имом Бухорий каби алломаларимиз қолдирган бой илмий асарларни дур шодаларига, ундаги маъноларни эса нур жилоларига қиёслаш мумкин.
Бу ҳадиси шарифдаги йўриқларга амал қилган ҳар бир мўмин ҳам маънавий, ҳам моддий жиҳатдан юксалади.
Ҳадиси шарифнинг биринчи қисмида Аллоҳ таоло бизларга ҳаром қилган уч иллат айтилган.
1. Ота-онага оққ бўлиш. Оққ сўзи луғатда кесмоқ, ёрмоқ маъносида. Истилоҳда эса боланинг ота-онага қўполлик қилишини, уларни хоҳ амалда, хоҳ сўзда, хоҳ муносабат ва муомалада бўлсин ранжитишини англатади. Аниқроқ айтганда, оққ бўлиш ота-онадан узилишдир.
2. Қизларни тириклай кўмиш. Тарихдан маълумки, жоҳилиятда айрим араб қабилалари қиз болалардан ор қилишарди. Шу сабаб уларни гўдаклик чоғидаёқ кўмиб юборишарди. Уламоларимиз: “Мазкур икки тақиқ инсон наслининг ҳимоясига қаратилган. Чунки оналар инсониятнинг асли (томири), болалар эса аслнинг фаръи (шохчалари)дир. У иккисининг заволи оламнинг заволидир”, дейдилар.
3. Бахиллик ва тамагирлик. Олим­ларимиз бахиллик ва тамагирлик таърифида бундай дейишган: “Киши ўзидаги нарсаларни, хоҳ моддий ёки маънавий бўлсин, бошқалардан қизғаниши, имкони бўла туриб ҳеч кимга бермаслиги бахиллик, ўзга­ларнинг нарсасини олишни тилаш тамагирликдир”.
Ҳадиси муборакнинг иккинчи қис­мида ҳам муҳим масалалар зикр қилинган. Ҳадиснинг биринчи қисмида тақиқланган амаллар ўзини мўмин-мусулмон деб ҳисоблаган одам учун бутунлай ҳаромдир. Мусулмон одам ундан мутлақо сақланиши лозим. Ҳадиснинг кейинги қисмида айтилган ҳолатлар мусулмон ҳаётида учраб турса-да, мўмин сифатида, биз уларни ёмон кўришимиз ва улардан сақланишимиз зарур.
1. Аллоҳ таоло миш-миш гапларни ёмон кўради. Уламоларимиз: “Миш-миш ҳақиқатни аниқ билмаган ёки билса ҳам, ғийбат ва чақимчилик бўлган гап-сўзларни тарқатишдир. Бировнинг гапини бошқа бировга етказиш қабиҳлик, сирини очиш мақсадида уни тинглаш эса чиркин, жирканч ишдир”, дейдилар.
2. Кўп савол бериш. Кўп сўраш. Мазкур маънавий иллат ҳам орамизда йўқ эмас. Муҳаддис уламоларимиз, ундан мурод воқеликда, одамлар орасида мавжуд бўлмаган масалаларни сўраш ёки эл (кўпчилик) орасида ўзини билимдон эканини кўрсатиб қўйиш учун савол беришдир, деганлар.
3. Мол-мулкни зое қилиш. «Фоиқ» китобида “Аллоҳ таолонинг тоатидан бошқа ишларга маблағ сарфлаш уни зое қилишдир”, дейилади.
Соддароқ қилиб айтганда, гуноҳ-маъсиятга маблағ сарфлаш, буз­ғун­чилик ва вайронкор ғояларни молиялаштириш исроф-жиноятдир, мол-мулкни зое қилишдир. Фитр рўза, закот, ушр каби динимиз вожиб қилган амалларни ўз вақтида бажармаслик ҳам мол-мулкни исроф қилиш бахиллик саналади.
 
Тоҳир ВОҲИДОВ,
Тошкентдаги «Масжид ул-хайр» жомеи имом-хатиби