Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Одам боласининг барча амали кўпайтирилади. Бир яхшилик ўн баробардан етти юз баробаргача кўпайтирилади. Аллоҳ таоло айтади: “Фақат рўза ундай эмас, у мен учун, Ўзим унинг мукофотини бераман. У мен учун шаҳватини ва таомини тарк этади. Рўзадорга иккита хурсандчилик бор. Бири ифтор қилганда, яна бири Раббисига йўлиққанида. Аллоҳнинг наздида рўзадорнинг оғзидаги ҳид мушкдан ҳам хушбўйроқдир. Рўза қалқондир. Бирортангиз рўза тутган кунида фаҳш сўзларни сўзламасин ва бақир-чақир қилмасин. Бир киши уни сўкса ёки у билан уришса, мен рўзадорман, десин” (Муттафақун алайҳ). 

ШАРҲ: Аллоҳ таоло инсонга унинг қилган ҳар бир хайрли иши савобини ўз фазли марҳамати билан кўпайтириб беради. Қуръони каримда бундай дейилади: “Ким бир яхшилик қилса, унга ўша яхшиликнинг ўн баробари бордир” (Анъом, 160). 
“Фақат рўза бундай эмас”. 
Рўзада бошқа ибодатларда бўлмаган хусусиятлар бор. Биринчидан, рўзадорнинг рўзасини Аллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Иккинчидан, рўзада очлик ва чанқоқлик билан нафс тарбияланади. 
"Мен учун шаҳватини ва таомини тарк этади". 
Яъни, менинг розилигимни истаб бандам нафси хоҳлаган жимоъ ва ейиш-ичишни тарк қилади. Рўзада риё бўлмайди. 
"Рўзадорга иккита хурсанд­чилик бор. Бири ифтор қилганда, яна бири Раббисига йўлиққанида".
Рўзадор икки марта хурсанд бўлади. Бири дунёда, бошқаси охиратда. Ифтор қилганида: Раб­бисининг буйруғини бажаргани, рўзани охирига етказгани учун хурсанд бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ифтор қилганларида: “Чанқоқ кетди, ажр пайдо бўлди”, дер эдилар. Ифтор пайтида рўзадорнинг дуоси қабул бўлади.
Охиратда Райён номли эшикдан чақирилганида рўзадорлар хурсанд­чилигининг чеки бўлмайди.
"Аллоҳнинг наздида рўзадорнинг оғзидаги ҳид мушкдан ҳам хушбўйроқдир". 
Рўзадорнинг оғзидан чиқадиган ноодатий  ҳид Аллоҳ таолонинг наздида мушку анбардан ҳам хушбўйдир. Бу ҳид рўза сабабли пайдо бўлди. 
"Рўза қалқондир".
Яъни, рўза рўзадорни дунёда гуноҳлардан тийилиши, охиратда дўзах оловидан омон бўлиши бои­сидир. Рўза сабабли ахлоқимиз яхшиланади, биз билган ва билмаган руҳий ва жисмоний фойдаларга эришамиз. У биз учун дунё ва охиратда қалқондир. 
"Бирортангиз рўза тутган кунида, фаҳш сўзларни сўзламасин ва бақир-чақир қилмасин. Бир киши уни сўкса ёки у билан урушса, мен рўзадорман, десин".
Рўзадор фаҳш сўзларни айтишдан, сўкинишдан ва бекорчи сўзлар билан бақир-чақир қилишдан тийилиши лозим. Чунки рўза ойи барча гуноҳ ишлар ва бекорчи нарсалардан тийилиш ойидир. Рўзадор гуноҳ ишлардан тийилмас экан, очлигу ташналикдан бошқа нарсага эришмайди. Агар бир киши у билан жанжаллашмоқчи бўлса, “мен рўзадорман”, дейилади. 
 
Манбалар асосида 
Ҳикматуллоҳ ТОШТЕМИРОВ
тайёрлади.