“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мўмин мўминнинг кўзгусидир”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
 
Гўзал ахлоқу одоблар билан зийнатланган мўминнинг ботини ҳам мусаффо бўлади, бош­қалар унга назар солиб ўзининг айб-нуқсонини кўра олади. Ахлоқ ва одобда камолотга эришган буюк шахс­лар – авлиё­лар, уламоларнинг юриш-туришига разм солган одам ўзининг ички ва ташқи ҳолатини тузатади, улардан ўрнак олади.
Зеро, ҳақиқий мўмин банда бошқа мўминга боқиб ўзидаги камчилик ва нуқсонларни кўради. Тийбий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Мўмин мўмин биродарининг айбини худди кўзгу каби, унинг ютуқ ва камчилик­ларини бўрттириб ҳам, яширмасдан ҳам борича кўрсатиши керак. Мўмин бош­қа бир мўмин орқали ўзининг айбини кўрса, уни бартараф этиш учун курашиши лозим”.  
Кўзгу яхшини ҳам ёмонни ҳам кўрсатади, демак, мўмин мўминнинг яхшилигини ҳам, нотўғри ишларини ҳам айтади. 
Агар кўзгу айбингизни кўрсатса, уни синдириб ташламайсиз. Чунки айб кўзгуда эмас. Шундай экан, мўмин биродарингиз сизга хатоингизни айтса, ундан хафа бўлманг!
Айбингизни бошқаларга овоза бўлишидан олдин кўзгу кўрсатса, огоҳлантирса, сиз хурсанд бўлиб “Хайрият шу кўзгум бор экан, бўлмаса ҳамманинг олдида шарманда бўларканман”, деб кўзгудан хурсанд бўласиз. Айбингизни биродар сифатида фақат ўзингизга айтиб берган мўминдан рози бўлинг!
Кўзгу унга қараганнинг камчилигини бошқага кўрсатмайди. Худди шу каби мўмин бир мўминнинг айбини ўзига айтиши, ўзгаларга айтмаслиги лозим.
Кўзгу айбингизни индамай кўрсатади. Мўмин киши ҳам бир мўминнинг камчилигини айтаётганида ёлғиз ўзига, ҳаммага овоза қилмасдан, ҳеч ким йўқ бир жойда секингина айтиши керак. Одамлар олдида айтиши унинг обрўсини тўкишдир. Обрўни тўкиш қон тўкиш билан, маънавий қотиллик билан баробардир. Бундай салбий хислат мўминда бўлиши мумкин эмас. 
Демак, ҳар бир мўмин банда зоҳирини ҳам, ботинини ҳам кўзгу каби соф этишга интилиши лозим. Токи унга қараган шахс камолот чўққисини забт этсин. 
 
Ёқуб БУХАРБАЕВ,
Бекобод тумани “Чаноқ” жоме масжиди имом-хатиби