Абу Амр Суфён ибн Абдуллоҳ Сақафий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: у киши айтади. Мен: “Эй Аллоҳнинг расули, менга Ислом динидан бир гап ўргатингки, у ҳақда сиздан бошқадан сўрамай”, дедим. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга имон келтирдим, дегин, сўнг тўғриликда устувор бўл”, дедилар (Имом Муслим ривояти).

 

Саҳобалар (розияллоҳу анҳум) Ислом таълимотини ўрганиш ва имонларини муҳофаза қилишга ўта ҳарис бўлишган. Шу боис, имкон топилди дегунча дин ҳақида ўзларини қизиқтирган саволлар билан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га мурожаат қилишарди. 

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қисқа, лўнда қилиб бундай дедилар:
“Аллоҳга имон келтирдим, дегин...”
Яъни, Аллоҳга бўлган имонинг­­ни қалбинг билан тасдиқ­лаган ҳолда тилинг билан иқрор эт. “...сўнг тўғриликда устувор бўл”. Яъни ибодат ва солиҳ амаллар қилишда, жамики ножўя ишлардан четланишда давом эт ва тоат-ибодатни ҳаётинг мазмунига айлантир, дедилар.
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
«Албатта: “Раббимиз – Аллоҳ”, деб сўнгра тўғри бўлган зотлар ҳузурига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб (дерлар): «Қўрқмангиз ва ғамгин ҳам бўлмангиз! Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланингиз!
Дунё ҳаётида ҳам, охиратда ҳам биз сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсалар ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз муҳайёдир. 
(Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот (Аллоҳ томони)дан бўлмиш зиёфатдир» (Фуссилат, 30–32).
«Албатта, Раббимиз – Аллоҳ», деб, сўнгра (тўғри йўлда) устувор бўлган зотлар учун хавф йўқдир ва улар қайғу ҳам чекмаслар. Айнан ўшалар жаннат аҳли бўлиб, у жойда мангу қолурлар. (Бу) улар қилиб ўтган амалларининг мукофотидир (Аҳқоф, 13-14).
Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) “...сўнг тўғриликда устувор бўлган зотлар...”ни “Аллоҳга ҳеч нарсани шерик қилмаган, Аллоҳ – Раббимиз, деган эътиқодда собит турган зотлар деб тафсир қилганлар.
Қушайрий айтади: “Тўғриликда устувор бўлиш ишларни камолга етказувчи бир даража бўлиб, унга эришиш билан  барча яхшиликка эришилади. Тўғриликдан йироқ бўлган кимсанинг саъй-ҳаракатлари охир-оқибат муваффақиятсизликка учрайди”.
Ибн Ражаб айтади: “Тўғриликда устувор бўлиш бу – тўғри йўл ва ҳақ дин узра ўнгу сўлга бурилмасдан, оғишмай собитқадам ташлашдир. У барча зоҳирий ва ботиний тоат-ибодатларни бажаришни ҳам, (зоҳирий ва ботиний) қайтариқларни тарк этишни ҳам ўз ичига олади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг бу ҳадислари барча яхши хислатларни ўзида мужассам этган зарур ўгитдир”.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) барча гуноҳлардан маъсум бўлатуриб, Аллоҳ таоло томонидан тўғриликда устувор туришга буюрилганликлари бу ишнинг ўта муҳим аҳамиятга эга эканлигини кўрсатади. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бу илоҳий амрга ғоятда чуқур масъулият билан ёндашадилар.
Қуйидаги хабарлар бунинг ёрқин далилидир:
Абдуллоҳ ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) айтади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учун «Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), буюрилганингиздек, тўғри йўлда бўлингиз!» оятидан кўра таъсири кучлироғи нозил қилинмади”.
Саҳобалар у зотга: “Эй Аллоҳнинг расули! Соч-соқолингизга оқ оралаши тезлашиб кетди-я?!” де­йишганида, у зот: “Мени “Ҳуд” (сураси) ва унинг биродарлари қаритди”, дедилар. Ҳасан (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бу оят нозил бўлгач, биз у зотнинг кулганларини кўрмадик” (Ибн Абу Ҳотам ривояти).
Аллоҳ таолонинг энг суюкли Пайғамбари тўғриликда устувор бўлиш ҳақида шунчалар ташвиш чекиб, ҳатто, қайғудан соч-соқолларига оқ оралаган бўлса, сизу биз – у зотнинг умматлари бу масъулиятли вазифа қаршисида бепарво туришга асло ҳаққимиз йўқ. Эътиқодни бидъат ва залолат кирларидан тозалаш, қалбни маънавий иллатлардан поклаб, мақтовга сазовор хулқлар билан зийнатлаш, аъзоларни беҳуда ва ножўя ҳаракатлардан тийиб, хайр­ли ва эзгу амаллар билан безаш ҳаётимиз мазмунига айланиши зарур.
 
Имом Нававийнинг “Арбаъин”ига ёзилган шарҳлар асосида 
Фарғона вилояти Учкўприк тумани“Муҳаммад Жаҳонгирхон Ғозий” масжиди имом-хатиби
Асрорхон МАҲМУДОВ тайёрлади.