Зубайр ибн Аввом ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: «Эй Зубайр! Аллоҳ таоло айтади: “Инфоқ-эҳсон қилсанг, Мен ҳам сенга эҳсон қиламан; берсанг, Мен ҳам сенга бераман; қиссанг, Мен ҳам сенга қисаман. Тилантирсанг (ялинтирсанг), Мен ҳам сени тилантираман (ялинтираман). Ризқ эшиги етти осмондан Аршга қадар очиқдир, кечаю кундуз ёпилмайди”. Аллоҳ таоло ризқни ҳар бир кишига унинг нияти, берган ҳадяси, садақаси ва инфоқ-эҳсонига яраша туширади, ким кўпайтирса, кўпайтиради, ким озайтирса, озайтиради, ким қисса, қисади. Эй Зубайр, еб-ич ва бошқаларни ҳам едириб-ичир... Аллоҳ таоло инфоқни яхши кўради, хасисликни ёмон кўради. Саховат аниқ ишончдан, бахиллик гумон (ишончсизлик)­дан бўлади, ишончи комил (имонли) одам дўзахга кирмайди, гумон қилган эса жаннатга кирмайди. Эй Зубайр, Аллоҳ таоло сахийлик қилишни, бир бўлак хурмо билан бўлса ҳам саховат кўрсатишни яхши кўради...» (Ҳаким Термизий, “Наводирул усул”).
 
Шарҳ. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ҳадисларида биз мўминлар мол-дунёмизни қандай тасарруф қилсак, Аллоҳ таолонинг марҳаматига эришишимиз мумкинлигини баён этмоқдалар. Инсон ўз эҳтиёжларидан ортиқча дунёсидан бошқаларга ҳам эҳсон қилиши зарур. Бу хайр-эҳсони Аллоҳ учун бўлиши лозим.
Оиламизга инфоқ қилишимиз вожиб, буни аксариятимиз бажарамиз. Бироқ бошқаларга (яқинларига) ёрдам қўлини чўзишга кўпчилик одатланмаган. Шу сабабли ҳам кўпгина оят ва ҳадислар эҳсон қилишга чақиради.
Аслида, банданинг қадри мол-дунёси кўп ёки кам экани билан эмас, ўша мол-дунёдан қандай фойдаланаётгани билан белгиланади. Ризқимни Аллоҳ берди, энди уни Ўзи буюрганидек сарфлашим керак, бу билан ризқим камайиб қолмайди, балки барака киради, деб ишонган мўмин садақа бериш ва саховат кўрсатишда иккиланмайди. Чунки у Аллоҳ таоло ва расули (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ваъдаларига ишонади. Аллоҳ таоло айтади: «Бирор нарсани (муҳтожларга холис) эҳсон қилсангиз, бас, (Аллоҳ) унинг ўрнини тўлдирур. У ризқлантирувчиларнинг яхшисидир» (Сабаъ, 39). Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) эса: “Жоним измида бўлган Зотга қасам, садақа билан мол камаймайди”, деганлар (ИмомТермизий).
Садақанинг савоби унинг кўп ёки озлиги билан белгиланмайди. Бой садақа қилган юз минг сўм пулнинг савоби билан камбағал берган минг сўм пулнинг савоби бир хил бўлиши мумкин. Чунки ҳар иккиси ўз имкониятидан келиб чиқяпти. Эҳсоннинг савоби ихлос-эътиқодга кўрадир.
Ризқ кенг ёки тор бўлиши неъматни қандай қабул қилишга ҳам боғлиқ. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳаким ибн Ҳизом (розияллоҳу анҳу)га: “Мол-дунё ширин, ким уни нафсини тийган ҳолда қабул қилса, унга барака киради, агар акси бўлса, ундан барака қочади ва у еб тўймас каби бўлади. Берувчи қўл олувчи қўлдан яхшидир”, дея насиҳат қилганлар (Ибн Ҳиббон).
Аллоҳ таоло барчамизнинг ризқимизни кенг, қўлимизни очиқ қилсин.
 
Манбалар асосида 
Муҳаммадсиддиқ МУКАРРАМ
тайёрлади.