Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Одамлар орасида шундайлари борки, улар яхшиликка калит, ёмонликка қулфдир. Яна шундай одамлар борки, ёмонликка калит, яхшиликка қулфдир. Аллоҳ таоло яхшиликка калит қилиб қўйган кимсалар нақадар бахтли! Ёмонликка калит бўлганлар нақадар бахтсиз!” (Ибн Можа ривояти).

Яъни, одамлар орасида шундайлари борки, улар яхшилик эшикларини очишади, ёмонлик эшикларини ёпишади. Эзгулик қилишдан роҳат олишади. Аллоҳ рози­лигини топиш учун хайрли амаллар қилишга шошилишади, бошқаларни ҳам шунга чақиришади. Бу йўл­да ҳеч қандай тўсиқдан чўчиш­майди. Зеро, Ҳақ ризоси учун қилинган эзгулик ҳам руҳга, ҳам жисмга лаззат, ҳаловат беради. Улар Ҳақ таоло буйруғига бўйсуниб, эзгу амалларда мусобақа қилишади. Бу, Аллоҳ розилигига эришиш йўлидаги мусобақадир. Ким эзгулик йўлида калит бўлиб, ёмонликка қулф бўлса, икки дунё саодатини қўлга киритади.

Баъзи одамлар эса яхшиликка юрмайди, ишлари ёмонлик эшикларини очиш бўлади. Улар дин ва дунёга, инсоният ва атроф-муҳитга зарар келтирадиган ишлар билан машғул бўлишади. Улар зарарли иллатларни тарқатишда жонбозлик қилишади. Манфур ишлардан ҳузур топади. Бу тоифа ўзи ёмон амаллар қилгани етмаганидай, атрофидаги­лар­ни ҳам ёмон­лик­ка ун­дай­ди.

Ёмонликнинг калити, яхшиликнинг қулфи бўл­ганлар яхшиликдан насибаси йўқ, ҳар икки дунёда хору расво бўладиган кимсалардир.

Бу ҳадисдан оладиган фойдаларимиз булардир:

1. Мўмин ўзини ислоҳ қилгач, ўзгаларни ҳам яхшиликка ундайди, ёмонликдан қайтаради.

2. Мўмин яхшиликни нафақат истайди, балки унга сабабчи бўлади, йўл очади. Чунки яхшиликка сабабчи бўлган одам ўша яхшиликни қилгандек савоб олади (Имом Термизий).

3. Мўминнинг олий мақсади – Раббининг розилигига эришиш. Бу мақсадга фақат хайрли амаллар билан эришилади.

4. Мўмин қилган яхши ишларидан кибрланиб кетмайди. Аксинча, уни яхшилик қилишга қодир этган Аллоҳга ҳамду сано айтади. Парвардигордан доимо хайрли амалларга қодир қилишини сўрайди.

Шоакмал ШОАКБАР ўғли 

тайёрлади.