Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) Пайғам­баримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва салам): “Ким мулойимликдан насибасини олса, яхшиликдан ҳам насиба олади. Ким мулойимликдаги насибасидан маҳрум бўлса, яхшиликдаги насибасидан ҳам маҳрум бўлади. Қиёмат кунида мезонда энг оғир келадиган нарса – хусни хулқдир. Аллоҳ таоло ахлоқсиз ва уятсизни ёмон кўради”, дедлар» (Имом Бухорий).
 
Шарҳ. Ҳалимлик, чиройли хулқ ҳар бир кишининг зийнатидир. Ҳадис матнидаги биз “мулойимлик” деб ўгирган “рифқ” сўзи муомалада, амалда, ўзаро муносабатларда қўполлик, дағалликдан йироқ бўлишни англатади.
Ҳақиқатан юмшоқ муомалали киши барча ишларида яхши натижаларга эришади, Аллоҳ таоло унинг ишларига хайр ва барака беради. Қўполлик, дағаллик эса оилавий низоларга, ўзаро келишмовчиликка, жанжалларга сабаб бўлади.
Ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида: оилада, кўчада, ишда, бозорда ҳалимлик, юмшоқлик билан муомала қилсак, ўзаро ҳамжиҳатлик ортади, оилада тинчлик-тотувлик, рўзғорда барака бўлади. Барчанинг кайфияти чоғ бўлиб, ишлари бароридан келади.
Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ўзлари ҳалимлик, юмшоқликда энг юксак намунадирлар. Бунга қуйидаги ҳадисни келтириш етарли далил бўлади: Пайғамбармиз (алайҳиссалом) масжидда саҳобийлар билан суҳбат қуриб ўтирганларида бир аъробий ўрнидан туриб, бурчакка бориб, пешоб қила бошлади. Бу ҳолдан саҳобийлар ғазабланиб, аъробийни жазолашга чоғландилар. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Тўхтанглар, аъробийни менинг олдимга чақиринглар, пешоб қилган жойини бир идиш сув билан ювиб юборинглар, албатта сизлар осонлаштирувчи қилиб юборилдингизлар, қийинлаштирувчи қилиб эмас”, дедилар.
Биз мусулмонлар дунёда ва охиратда ҳам мукаррам бўлишимиз учун гўзал хулқли бўлишимиз лозим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Инсонларни жаннатга энг кўп киритадиган нарса тақво ва гўзал хулқдир”, деганлар (Термизий ва Ҳоким ривояти).
Қуръони каримда бир неча оятларда мулойимликка, юмшоқ муомалага тарғиб қилинган. Оли Имрон сурасининг 159-оятида бундай дейилади:
«Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад) уларга (саҳобаларга) мулойимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (Улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар...»
Шу ўринда айтиш жоизки, алданиб, ёт оқимларга қўшилиб қолаётган ёшларимиз билиб қўйишлари лозимки, комил мусулмон бўлишга, у оқимларнинг асосий хусусияти бўлган дағаллик, қўполлик, шафқатсизлик билан эмас, балки юксак ахлоқи билан, гўзал хулқли Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муносиб уммат бўлиш, у зотнинг суннатларига амал қилиш билан эришилади.
 
Ўзбекистон мусулмонлари идораси 
Тошкент шаҳар вакиллиги ходими 
Муҳаммадюсуф ХУШВАҚТОВ 
тайёрлади.