Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Бу дин енгилдир. Ким бу динда қаттиқлик кўрсатса, дин уни мағлуб қилади. Шунинг учун тўғри қилинг ёки яқинлаштиринг. Хурсанд бўлинг. Куннинг аввалидан, охиридан ва туннинг бир қисмидан фойдаланинг”» (Имом Бухорий ривояти).
Шарҳ: “Бу дин енгилдир”. Яъни Ислом дини, унинг ақидаси, ҳукмлари ва тарғиб қилган ахлоқи енгил ва осондир. Ислом дини ақидаси тўғри ва оддий. Ҳар бир соғлом қалб уни қабул қилади ва тасдиқлайди. Ислом дини ҳукмлари ҳар бир мукаллифнинг тоқатига яраша. Тарғиб қилган ахлоқи энг гўзал ахлоқдир. Унинг ҳукмларига амал қилган ва тарғиб қилган ахлоқи билан зийнатланган киши дунё ва охиратда саодатли бўлади.
“Ким бу динда қаттиқлик кўрсатса, дин уни мағлуб қилади”. Яъни, ким Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) етказган ва кўрсатган амаллар билан кифояланмай, ортиқча нафл ибодатларни ўзига вазифа қилиб олса, уларни доимо адо этишдан ожиз бўлади ва давомли қилолмайди.
“Шунинг учун тўғри қилинг ёки яқинлаштиринг”. Яъни, фарз, вожиб, суннат амалларни тўғри адо этинг ёки тўғри адо этишга интилинг.
“Хурсанд бўлинг”. Яъни, доимо адо этадиганингиз фарз, вожиб ва суннат ибодатлар оз бўлса-да, уларга бериладиган кўп савоб учун хурсанд бўлинг. Ёки бирор узр сабаб ибодатларни мукаммал, тўғри адо этолмасангиз ҳам, уларни тўғри адо этишга интилганингиз учун бериладиган савобга севининг.
“Куннинг аввалидан, охиридан ва туннинг бир қисмидан фойдаланинг”. Бу ерда истиора бор.
Одатда узоқ сафарга чиққанлар толиқиб қол­маслик учун ана шу вақтларда йўл юришади. Яъни, туну кун ибодат қилиб малолланиб қолманг. Зеро, Аллоҳ таоло эрта-кеч ибодат қилишга буюрмаган, балки бандаларига марҳамат кўрсатиб, уларга осон бўлиши учун маълум вақтларни ибодат вақти қилган, холос. Ана шу вақтлардан унумли фойдаланиб, ибодатларингизни мукаммал адо этинг.
Муҳаммад Шариф  ЖУМАН