Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Сизлардан ҳеч бирингиз етган зарар туфайли (сабрсизлик қилиб) ўлимни орзу қилмасин. Бордию, чорасиз қолса: “Эй Аллоҳ, агар менга ҳаёт яхшироқ бўлса, мени яшат. Агар менга ўлим яхшироқ бўлса, унда мени жонимни ол”, десин»  (Имом Бухорий ривояти).
 
Бу ҳадис Ибн Ҳиббон (розияллоҳу анҳу) ривоятида: “Сизларнинг дунёларингизга етган зарар туфайли ўлимни орзу қилманглар”, дейилган. Мол-мулкнинг кетиши, оила ва фарзандларидан айрилиш ёки хасталикка чалиниш каби ҳолатлар бўлганида мўмин киши ўлишни истамаслиги лозим. Саҳобалардан бири: “Эй Аллоҳ, энди мен кексайиб қувватдан қолдим, халққа аралашолмайман. Мени бундай танг аҳволда ташлаб қўймай, жонимни ол”, деб дуо қилганида, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уни бундай дейишдан қайтарганлар. 
Чунки дунёсига етган зарар сабаб банда ўзига ўлим сўраши Аллоҳнинг тақдирига норозилик бўлади. 
Қайс ибн Аби Ҳозим айтади: Биз Ҳаббоб ибн Арат (розияллоҳу анҳу)нинг аҳволидан хабар олгани кирсак, у зот даволаниш мақсадида етти жойи­ни доғлаб (куйдириб) бундай дерди: «Биродарларимиз биздан олдин ўтиб кетишди. Дунё уларга нуқсон етказмади. Бизлар эса мол-дунё жамғариб, уни тупроқдан бош­қасига сарфлай олмадик. Агар Расулуллоҳ  (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) кишининг ўзига ўлим сўрашидан қайтармаганларида эди, мен ўзимга ўлим тилаган бўлардим». Биз бошқа бир куни Ҳаббоб (розияллоҳу анҳу)нинг ҳузурларига кирганимизда, у зот девор кўтараётган эканлар. Шунда бизга: «Мусулмон киши мана шу лойга сарфлаганидан бошқа барча хайр-эҳсонларига савоб олади», дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятлари). 
Ҳаббоб ибн Арат (розияллоҳу анҳу)нинг “Олдин ўтган дўстларимиз дунёда муҳтожлик кўрмаган эди. Биз эса топганимизни тупроққа, яъни  бино қуришга сарфлаш билан чекланиб, охиратга захира қилолмаяпмиз" дейишларида, биз ҳой-ҳаваслар билан овора бўлиб, мусибатда қолдик, демоқчи бўлганлари анг­лашилади (“Фатҳул борий фи шарҳи Саҳиҳил Бухорий”).
Юсуф (алайҳиссалом)нинг “Мени мусулмон ҳолимда вафот эттир...” (Юсуф, 101), деб дуо қилганларини қандай тушуниш мумкин, деган саволга уламолар: “Бундаги маъно ўлимни орзу қилишмас, балки ажалнинг яқинлигини эсга олиб, ўша пайтдаги ҳолатнинг хайрли бўлишини сўраб дуо қилишдир”, дейишган.
Мўмин банда ўтаётган ҳар бир фурсатни ғанимат билиб, яхши амаллар қилишга шошилади ва машаққатларга сабр қилади.  Чунки суюкли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) озгина муддатли дунё ҳаётини ғанимат билишга чақириб, ўлимни орзу қилишдан қайтардилар. Узоқ умр кўриб, солиҳ амаллари кўпайган мўмин бандалар худди сармоя­си кўп тижоратчига ўхшайди. Уларнинг сармояси кўпайган сари амаллари ҳам зиёда бўлиб бораверади.  
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сизлардан ҳеч ким ўлимни орзу қилмасин ва ўлим келмасидан бурун уни чақирмасин. Чунки вафот этганларингизнинг амали кесилади. Мўминнинг умри эса фақат яхшиликни зиёда қилади”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
 
Манбалар асосида 
Абдувоҳид ЎРОЗОВ тайёрлади.