Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: "Имон келтирмагунларингча жаннатга киролмайсизлар, бир-бирларингга муҳаббатли бўлмагунларингча мўмин бўлолмайсизлар. Сизларни орангизда яқинлик пайдо қиладиган нарсага далолат қилайинми? Ўрталарингда саломни ёйинглар!" (Имом Муслим ривояти.)

Шарҳ: Тийбий айтади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу ўринда инсонларнинг бир-бири билан саломлашиши улар ўртасида илиқлик пайдо қилишини ва меҳр-муҳаббат билан киши комил мўмин бўлишини таъкидладилар. Чунки, муҳаббатсиз кишида зулм, хиёнат, фириб каби ёмон иллатлар шакллана бошлайди. Натижада инсонлар бир-бирларига яхшилик қилиш, ёрдамлашиш ўрнига чақимчилик, бўҳтон, ғийбат­лашишга ўтади.

Адоват қилиш, аразлашиш эса мусулмонлар ўртасида тар­қоқликка сабаб бўлади. Аллоҳ таоло: "Ҳаммангиз Аллоҳнинг "арқони" (Қуръон)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайт­ларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз...", деб мар­ҳамат қилган (Оли Имрон, 103).

Имом Нававий айтади: Ҳадисда саломни ёйишга ва таниган, танимаган мусулмонга тинчлик ва саломатлик тилашга тарғиб қилинган. Салом ўзаро дўстлашишнинг биринчи сабаби, меҳр-муҳаббат калитидир. Саломлашишда нафс тарбияси, ўзини камтар тутиш, мусулмонлар ҳуқуқларини қадрлаш каби фазилатлар жамланган. Имом Бухорий "Саҳиҳ"ида Аммор ибн Ёсирдан ривоят қилади: "Ким уч нарсани жамласа имонни жам қилибди: инсофли бўлиш, саломни ёйиш, ўзи муҳтож бўлиб туриб имкон даражасида нафақаю садақалар қилиш".

Шунинг учун ҳам биринчи бўлиб салом беришнинг фазилати каттадир. Аллоҳ таоло барчамизни бир-биримизга муҳаббатли, оқибатли бўлишимизни насиб этсин.

Жамшид ШОДИЕВ тайёрлади.