Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким мендан бу сўзларни олиб, уларга амал қилади ёки уларни амал қиладиган кишига ўргатиб қўяди?” дедилар. “Мен, эй Аллоҳнинг Расули”, дедим. Сўнг у зот қўлимдан тутиб, бешта нарсани санадилар. Айтдиларки: “Ҳаромлардан сақлан, инсонларнинг энг обиди бўласан; Аллоҳ сенга тақсимлаган нарсага рози бўл, инсонларнинг энг бойи бўласан; қўшнингга яхшилик қил, мўмин бўласан; ўзинг учун яхши кўрган нарсани (бошқа) инсонларга ҳам яхши кўр, мусулмон бўласан; кўп кулма, чунки кўп кулиш қалбни ўлдиради”» (Имом Термизий).

1. “Ҳаромлардан сақлан, инсонларнинг энг обиди бўласан”.

Бу жумладаги “обид” сўзи “ибодат” сўзидан олинган бўлиб, луғатда ўзгага бўйин эгиш маъносини англатади. Истилоҳда унга бир неча хил таъриф берилган. Улардан бири бундай: ибодат Аллоҳ таоло рози бўладиган, яхши кўрадиган зоҳирий ва ботиний амаллар ҳамда сўзлардир. Аллоҳ таоло рози бўладиган амалларни қиладиган киши, аввало, У зот ман этган нарсалардан тийилиши лозим бўлади.
Ҳасан (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай деган: “Бандалар Аллоҳ қайтарган нарсани тарк этишдан афзалроқ бирор ибодат қила олмайдилар”. Шунинг учун, мусулмон киши аввало ҳаромлардан сақланиши, агар бирор ҳалол нарсага ҳаром аралашиб қолса, ундан сақланиши лозим бўлади.
 
2. “Аллоҳ сенга тақсимлаган нарсага рози бўл, инсонларнинг энг бойи бўласан”. Яъни, дунёда бахтли яшаш учун кўпгина мол-мулк эмас, балки ўзига тақсимланган ризққа қаноат қилиш керак.
Бишр Хофий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Қаноат фақат мўминнинг қалбида бўладиган мулкдир”, деганлар.
Зуннун Мисрий (раҳматуллоҳи алайҳ): “Ким қаноат қилса, замондошларидан хотиржам бўлади, яқинлари орасида обрўси баланд бўлади”, деганлар.
 
3. “Қўшнингга яхшилик қил, мўмин бўласан”. Кишининг яхшию ёмон кунларида доим ёнида яшайдиган инсон унинг қўшнисидир. Уламолар қўшниларни ҳақларига кўра учга бўлганлар:
1. Қариндош мусулмон қўшни. Бу қўшнининг учта ҳақи бўлади: қўшнилик ҳақи, қариндошлик ҳақи, мусулмонлик ҳақи. 2. Қариндош бўлмаган мусулмон қўшни. Бу қўшнининг иккита ҳақи бўлади: қўшнилик ҳақи, мусулмонлик ҳақи. 3. Мусулмон бўлмаган қўшни. Бу қўшнининг фақат қўшнилик ҳақи бўлади.
 
4. “Ўзинг учун яхши кўрган нарсани инсонларга ҳам яхши кўр, мусулмон бўласан”. Яъни, комил мусулмон бўласан. Зеро, Аллоҳ таоло мусулмонларга ирқи, миллати, насл-насабидан қатъи назар, барча инсонларга яхши муомала қилишни буюрган: ­«...Одамларга ширинсўз бўлинг...» (Бақара, 83). Инсонларга яхшилик қилиш яхши гапиришдан бошланади.
 
5. “Кўп кулма, чунки кўп кулиш қалбни ўлдиради”. Мўмин киши учун ҳаёт беҳуда нарсаларга сарфлаб юбориладиган арзимас нарса эмас, балки солиҳ амаллар билан тўлдирилиши лозим бўлган ғанимат фурсатдир. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кўп кулиш қалбни ўлдиради”, демоқдалар. Бундан кулгини мутлақо тарк қилиш эмас, балки меъёрдан ортиқ кулиш яхши эмаслиги тушунилади. Чунки Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ўзлари ҳам табассум қилганлар, саҳобалари ҳам кулганлар.
Ойша (розияллоҳу анҳо)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг озиқ тишлари кўринадиган даражада оғизларини катта очиб кулганларини кўрмаганман. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) табассум қилар эдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Қатода (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан: “Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг саҳобалари кулишар эдими?” деб сўрашди. У: “Ҳа, ваҳоланки уларнинг қалбларидаги имон тоғлардан ҳам улканроқ эди”, деди» (Абдураззоқ ривояти).
Кулгини жоиз ва ножоизлигига кўра икки турга ажратиш мумкин:
1. Бирор нарсадан хурсанд бўлиб кулиш.
2. Бировни камситиш ё обрўсини тўкиш мақсадида кинояли кулиш.
Бирор нарсадан хурсанд бўлиб кулишнинг эса меъёрдан ортиғи ман қилинган. Яъни, бу кулги меъёрдан ортиб кетса, қалбни ўлдиради.
Бировни камситиш ё обрўсини тўкиш мақсадида кинояли кулишни шариат қатъий ман қилган.
Ҳужжатул Ислом Имом Ғаззолий (раҳматуллоҳи алайҳ) айтади: “Кўп кулги ва мол-дунёга хурсанд бўлиш инсон томирларига сизиб кирувчи заҳри қотил кабидир. У хавф, маҳзунлик, ўлим ва қиёматни эслаш каби хусусиятларни қалбдан чиқариб юборади. Бу қалбнинг ўлишидир”.
Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг мазкур насиҳатларини ҳаётимизга татбиқ этиб, уларнинг фойдасидан баҳраманд бўлиш барчамизга насиб этсин.
«Кўкалдош» ўрта махсус Ислом
билим юрти ўқитувчиси
Абдуқодир ПАРДАЕВ
тайёрлади.