Абу Мусо Ашъарий (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қуръон ўқийдиган мўмин худди утружжага ўхшайди. Унинг ҳиди ёқимли, мазаси ширин. Қуръон ўқимайдиган мўмин эса хурмо кабидир. Унинг ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин. Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон кабидир, хушбўй, аммо мазаси аччиқ. Қуръон ўқимайдиган мунофиқ эса ҳанзала сингари, ҳидсиз ва таъми аччиқдир”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).
Шарҳ. “Қуръон ўқийдиган мўмин худди утружжага ўхшайди. Унинг ҳиди ёқимли, мазаси ширин”. Утружжа апельсинга ўхшаган мевадир, у мевалар ичида энг яхшиси саналади. Унинг кўриниши чиройли, ранги сариқ-қизғиш, унга қараган инсоннинг кўзи қувнайди. Унинг ҳиди ёқимли ва мазаси ширин. Утружжа мевалар ичида энг сараси бўлгани учун Қуръон ўқийдиган мўмин шу мевага ўхшатилмоқда. У ўқиган Қуръон унинг зоҳирини ҳам, ботинини ҳам безатибди. Унинг ташқи кўриниши гўзал, хулқи чиройли ва қалби гўзал бўлади. Демак, комил мўмин бўлиш учун банда ҳам зоҳирини, ҳам ботинини ислоҳ қилиши керак экан.
“Қуръон ўқимайдиган мўмин эса хурмо кабидир. Унинг ҳиди йўқ, аммо мазаси ширин”. Имон кишининг сийратини гўзал қилади. Хурмонинг мазаси жуда ширин, аммо унинг ҳиди бўлмайди. Мўмин банда Қуръон ўқиёлмаса ҳам асли қалби пок бўлади. Унда ёмонлик бўлмайди. Эътибор берсак, Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) нозик ўхшатиш орқали Қуръон ўқийдиган ва Қуръон ўқимайдиган мўмин ўртасидаги фарққа ишора этганлар ва Қуръон ўқишга тарғиб қилмоқдалар.
“Қуръон ўқийдиган мунофиқ райҳон каби хушбўй, аммо мазаси аччиқ”. 
Қуръон ўқийдиган мунофиқнинг райҳонга ўхшатилишига сабаб шуки, мунофиқ қалбида касаллик бор. У тилида имон келтиргани билан қалбида имон бўлмайди. Аммо Қуръон қироати унинг зоҳирини чиройли қилиб туради. Маълумки, райҳоннинг ҳиди ҳаммага хуш келади, аммо унинг баргини чайнаб кўрсангиз, аччиқлигига амин бўласиз. Мунофиқ ҳам шундай, фақат Қуръон ўқиши унга хушбўйлик бағишлайди, холос. Мўмин банда Қуръон ўқиш орқали қанчалик юксалишини шундан ҳам билиб олиш қийин эмас.
“Қуръон ўқимайдиган мунофиқ  худди ҳанзала янглиғ ҳидсиз ва таъми аччиқдир”. Ҳанзала таъми ва ҳиди ёқимсиз бўлган ўсимлик туридир. Меваси апельсин катталигида бўлади.
Ҳам қалбида нифоқ аломати бор, ҳам Қуръондан узоқ бўлган банда ҳанзалага ўхшайди. Унинг таъми аччиқ, устига-устак, ҳиди ҳам ёқимсиз.
Ҳадисдан хулоса чиқарадиган бўлсак, ҳар биримиз аввало нифоқдан узоқ бўли­ши­миз, фақат зоҳиран мусулмондай кўриниб, аслида Исломга тескари бўлган ишларни қилишдан тийилишимиз керак. Аллоҳга имон келтириб, Қуръони каримни ўқиш ва унга ихлос билан амал қилиш орқали ҳадисда мақталган мўминлар сафида бўлиш қандай яхши!
Бундай амаллар туфайли мўминлар дунё ва охират саодатига мушарраф бўлишади.
 
Манбалар асосида 
Зиёвуддин РАҲИМ тайёрлади.