Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларида эдик. У зот фитналар ҳақида гапирдилар. Улар ҳақида кўп гапирдилар. Аҳлос фитнаси ҳақида сўзлаганларида бир киши: “Эй Аллоҳнинг Расули! Аҳлос фитнаси нима?” деб сўради.
“У одамлар бир-бирларидан қочиши ва моллар талон-торож бўлишидир. Сўнг Сарро фитнаси бўлади. Унинг тутуни аҳли байтимдан бўлган, ўзини мендан деб даъво қиладиган, лекин мендан бўлмаган бир кишининг қадамлари остидан чиқади. Фақат тақводорларгина менинг дўстларимдир. Сўнг одамлар қовурға устидаги сонга ўхшаш бир кишига байъат қилишади. Сўнг қора (катта) фитна бўлади. У ушбу умматдан бирортани омон қолдирмайди. Энди тугади дейилса, яна чўзилиб кетади. Унда киши тонгда мўмин бўлса, кечда кофир бўлади. Охир-оқибат одамлар икки фирқага бўлинадилар: нифоқи бўлмаган имонли фирқага ва имони бўлмаган нифоқ фирқасига. Қачон ана шу фитна содир бўлса, ўша куни ёки эртасига Дажжолни кутаверинглар” дедилар» (Абу Довуд ва Ҳоким).
 
Шарҳ: Фитнанинг “Аҳлос” деб аталишига унинг узоқ давом этиши сабаб бўлган. “Аҳлос” тўшак маъносидаги “ҳалас” сўзидан олинган, тўшак йиғилмагунча жойида узоқ қолади. Шу каби Аҳлос фитнаси ҳам узоқ давом этади.
Ўша фитна бўлганида одамлар орасида ўзаро адоват ва урушлар содир бўлади. Натижада улар бир-бирларидан қочади ва уларнинг молу мулклари талон-торож қилинади.
Сўнгра Сарро фитнаси бўлади. Бунинг луғавий маъноси «хурсандчилик фитнаси»дир. Яъни, у фитнанинг рўй беришига хурсандчилик сабаб бўлади. Одамлар неъматларнинг кўплигидан ўзларини тутолмай, гуноҳ ишлар қилишгани сабабли фитна содир бўлади.
У фитнага ўзини аҳли байтдан деб ўйлаган киши сабабчи бўлади. У ўзини аҳли байтдан деб ўйласа-да, ҳақиқатда аҳли байтдан – Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг яқинларидан эмасдир. Чунки аҳли байтдан бўлган киши фитнага бошчилик қилмайди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг яқин­лари тақводорлардир.
«Сўнгра одамлар қовурға устидаги сонга ўхшаш бир кишига байъат қилишади». Бу ўринда ўхшатиш бор. Сон оғирлигидан қовурға устида турмаганидек, у одамнинг илми камлиги ва фикри саёзлигидан, бошқаларга тўғри йўлни кўрсатишга асло лаёқати бўлмайди.
«Сўнгра қора (катта) фитна бўлади. У ушбу умматдан бирортани омон қолдирмайди». Бу фитнанинг зараридан ҳеч ким қутулмайди.
«Энди тугади дейилса, яна чўзилиб кетади». Фитнанинг кучлилигидан мўмин арзимаган нарсага динини сотиб, кофир бўлади. Бу фитна узоқ давом этгани натижасида одамлар икки фирқага бўлиниб кетади.
Аллоҳ таоло барчамизни турли фитналардан ва фитначилардан доимо эҳтиёт бўлишимизга чорлаб, бундай амр қилади:
«Сизлардан фақат золимлар­гагина хос бўлмаган (балки ҳамма­ларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланингиз ва билиб қўйингизки, Аллоҳ жазоси қаттиқ (Зот)дир» (Анфол, 25).
«(Ширк ва маъсиятлар билан) ҳаддан ошувчиларнинг амрига итоат этмангиз! Улар ер юзида бузғунчилик қилурлар ва (ҳеч нарсани) ислоҳ қила олмайдилар» (Шуаро, 151–152).
Ислом дини инсонларни тўғри йўлдан адаштирувчи асоссиз ғоя ва ихтилофларни тарқатиб юрувчи кимсаларнинг хатти-ҳаракатларидан барча мусулмонларни огоҳ этади.
«Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, улар билимсизлик билан (ўзгаларни) Аллоҳ йўлидан оздириш учун ва у (йўлни) масхара қилиш учун беҳуда сўз(лар)ни сотиб олурлар. Ана ўшалар учун хор қилувчи азоб бордир» (Луқмон, 6).
Азизлар, Аллоҳ таоло бизларга фикрлашдек буюк бир неъматни бериб, у орқали Ўзининг оятларини тафаккур қилишга ва Пайғамбарининг суннатига эргашишга амр этган. Агар ақлимизни ишлатиб, бузғунчилар мак­ридан огоҳ бўлган ҳолда Аллоҳнинг Каломига ва Расулининг суннатига эргашсак, албатта, фитналардан омонда бўламиз.
 
Бадриддин Айнийнинг “Шарҳу Сунани Аби Довуд” 
асари асосида Тошкентдаги 
“Ҳофиз Кўҳакий” жоме масжиди имом ноиби 
Жасур АКРАМОВ 
тайёрлади.