Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дейдилар: “Кеч киргач, болаларингизни (уйда) ушлаб туринг. Чунки бу пайтда шайтон (жин)лар изғийди. Аллоҳнинг номини зикр этиб эшикларингизни беркитинг. Мешларингиз (оғзи)ни боғлангиз. Идишларингиз устига бирон нарса бўлса-да, ташлаб қўйинг. Чироқларингизни ўчиринг (ётинг)” (Муттафақун алайҳ).
Шарҳ: Аллоҳ таоло тунни бандалари ором олиши учун яратган. Қуръони каримда бу ҳақда бундай дейилади: “У сизларга ором олиш­ларингиз учун кечани яратган Зотдир” (Юнус, 67). Кундузи кўринмайдиган зарар келтирувчи ҳашарот ва жониворлар кечаси изғийди. Шундай экан, уларнинг зиёнидан, шайтон ва унинг зарарларидан сақланиш учун Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ушбу кўрсатмаларига риоя этишимиз лозим.
“Кеч киргач, болаларингизни (уйда) ушлаб туринг”. Яъни, қуёш ботгач, фарзандларингизни уйдан чиқарманг, ташқарида юрган бўлса, уйга олиб кириб, керакли машғулотлар билан банд қилинг. 
“Чунки бу пайтда шайтон (жин)лар изғийди”. Тун шайтонлар қўзғалиши учун қулай фурсатдир. Улар ташқарида юрган болаларга зиён етказиши мумкин.
“Аллоҳнинг номини зикр этиб эшикларингизни беркитинг”. Хайр­ли ҳар бир ишда Аллоҳни зикр қилиш – “Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим” дейиш лозим, ҳатто эшикни ёпганда ҳам. Эшикни беркитиш билан ҳар хил зарарли ҳашаротлар, ҳайвонларнинг зарар етказиши, ўғри кириши, номаҳрамлар назари тушиши ёки оила аъзоларининг соғлиғига зарар етишининг олди олинади. 
“Зеро, шайтон беркитилган эшикни очмайди”. Фақат “Бисмиллаҳ” деб ёпилган эшикларни шайтонлар очолмайди. Ўша кеча иблис ёмонлигидан омонда бўлинади. Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: «Ким уйига кираётганида ва таомланаётганида Аллоҳни зикр қилса, шайтон (аскарларига) бу ерда сизларга ётоқ ҳам, овқат ҳам йўқ, дейди. Мабодо уйига кираётганида Аллоҳни зикр қилмаса, шайтон (шерикларига) ётоққа эга бўлдингиз, дейди. Агар таомланаётганида ҳам Аллоҳни зикр этмаса, шайтон (аскарларига) ҳам ётоққа, ҳам овқатга эга бўлдингиз, дейди» (Имом Бухорий ривояти).
“Аллоҳнинг номини зикр этиб мешларингиз (оғзи)ни боғлангиз”. Егулик сақланадиган меш, қоп сингари идишлар оғзини боғлашда ҳам “Бисмиллаҳ”ни айтиш зарур. Шундагина шайтон уларни ечолмас. Идишлар қанчалик мустаҳкам беркитилмасин, мабодо Аллоҳнинг исми зикр қилинмаса, шайтон ундаги таом ва ичимликлардан насибасини олади. Доимо озиқ-овқат ва ичимликлар сақланадиган идишларни берк тутишимиз лозим. Оғзи очиқ идишларга ҳашарот, микроб ва зарарли нарсалар тушиши оқибатида турли касалликлар тарқалиши мумкин. 
“Аллоҳнинг номини зикр этиб идишларингиз устига бирон нарса бўлса-да, ташлаб қўйинг”. Идишлар устини ёпганда ҳам “Бисмиллаҳ”ни айтиш даркор. Шундагина шайтон уларни очолмас. 
“Чироқларингизни ўчиринг (ётинг)”. Зеро, чироқларни ўчирмай ухлашда зарарлар бор. 
Абу Мусо (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Кечаси Мадинада бир уй ёниб аҳли зарар кўрди. Бу ҳақда Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га айтилди. У зот: “Албатта, олов сизга душмандир. Қачон ухласангиз, уни ўчиринг”, дедилар” (Муттафақун алайҳ).
Хонадонларда турли иситкич асбобларидан ҳам фойдаланилади. Айниқса, қиш кунларида уларни ишлатганда ҳар доимгидан ҳам ҳушёрроқ бўлишимиз керак. Чунки ёнғинга қарши кураш фақат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимларининггина эмас, балки барчамизнинг бурчимиздир. 
 
Манбалар асосида
Толибжон ҚОДИРОВ тайёрлади.