Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: "Амалларни холис Аллоҳ учун бажарган, ишбошиларга яхшиликни раво кўрган, мусулмонлар жамоасини лозим тутган кишининг қалбида гина-адоват бўлмайди.  Дуолари унинг атрофидан иҳота қилиб туради" (Имом Термизий).

Шарҳ: Мўмин банда қалби пок, дили равшан, амаллари мақбул бўлишини истайди ва бунга эришиш йўлларини қидиради. Чунки Аллоҳ таоло бундай огоҳлантирган: “У кунда на мол ва на бола-чақа манфаат берар. Лекин ким Аллоҳ ҳузурига саломат  қалб билан келса (манфаат топар)”, (Шуаро, 88–89). Бирор банда ҳадиси шарифда зикр қилинган уч сифатга эга бўлса, унинг қалби гина, ҳасад, кек, адоват, нафрат каби иллатлардан пок бўлади. 

Ҳеч қандай дунёвий мақсадни кўзламасдан, обрў-эътибор қозониш, мол-дунё орттириш каби ғаразлардан холи бўлиб, Аллоҳ таолонинг розилиги учун риёсиз қилинган амалнинг савоби улуғдир. Чунки амалларга бериладиган ажр банданинг ихлосига қараб белгиланади. Шариатда буюрилган амални аксарият кишилар бажарса-да, лекин унга бериладиган савоб бандалардаги ихлосга қараб турлича бўлиши мумкин. Ихлос билан амал қилган банданинг қалби нурланади, ибодатларидан файз топади.   
Қалби соф мўмин банда ишбошиларга, яъни раҳбарларига итоат этади, эзгу мақсадлар йўлида уларга кўмаклашади, ҳақларига хайрли дуолар қилади. 
Мусулмонлар жамоаси эъти­қод ва амалларда аҳли сунна вал жамоага мувофиқ йўл тутиши лозим. 
Дуо ибодатдир. Соф эътиқод­ли кишиларнинг дуолари баракотидан бошқа мусулмонлар омонда бўлади. Чунки дуо мўминларни зарарлардан девор каби ҳимоялаб, ўраб туради. Бир кишининг дуоси баракотидан бутун жамоа ёки жамоанинг дуоси сабабли бир инсон шайтон­нинг васвасаси ва турли иллатлардан саломат бўлади. 
Ким амалларида ихлосли бўлса, бошқалар билан муно­сабат­да ихтилоф чиқармаса, у мусаффо қалб соҳибидир. Зеро, қалби пок, кўнглида кири йўқ одамларгина Аллоҳ таолонинг марҳаматига эришади, дуолари ҳам мустажоб бўлади, иншоаллоҳ.
 
Манбалар асосида
Абдулазиз МЎМИН тайёрлади.